Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатномани тақдим этди.

Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ташкилотлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мурожаатнома ўндан ортиқ телеканал орқали жонли эфирда, шунингдек, Президентнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали онлайн ёритиб борилди.

Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлган ушбу тадбир 2017 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Унда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинади. Шу боис халқимиз бу тадбирни доимо катта қизиқиш билан кутади.

Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, жонажон Ўзбекистонимиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўймоқда. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар юз бермоқда.

Бу йил аҳолимиз 36 миллиондан ошди. Ҳар йили сафимизга қарийб 900 минг янги авлод қўшилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев якунига етаётган 2022 йил ғоят мураккаб ва синовли йил бўлганини таъкидлади. Ушбу даврда тўпланган тажриба бир ҳақиқатни яққол исботлаб берди: тараққиётга – фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади.

– Шу боис пандемия, дунёдаги чуқур иқтисодий ва сиёсий инқирозлар, зиддиятларга қарамасдан, халқимизнинг қаҳрамонларча меҳнати билан эришган айрим ютуқларимизни айтиб ўтишни ўринли, деб биламан, – деди давлатимиз раҳбари.

Мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ва самарали ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди.

Иқтисодиётимизга шу йилнинг ўзида 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди, экспорт эса, 19 миллиард долларга етди.

Қайд этиш лозим, бундай катта натижалар илгари бўлмаган.

Бу йил тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. Мисол учун, 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб 2 миллиондан ортиқ оилаларга кўмак берилмоқда. Ажратилаётган маблағлар эса, 7 баробар кўпайтирилиб, йилига 11 триллион сўмга етди.

– Бу рақамларни айтиш осон. Уларнинг ҳар бири ортида машаққатли меҳнат турибди. Чунки инсон қадри, инсонни эъзозлаш – эътиборимиздаги энг асосий масала, – деди Шавкат Мирзиёев. – Шу мақсадда охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жойлар қурдик.

Халқимиз соғлиғини сақлаш учун барча тиббий хизматлар туман ва маҳалла даражасига туширилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон сиёсати марказларидан бирига айланаётгани, халқаро ҳамжамият буни кенг эътироф этаётгани ҳам айни ҳақиқатдир.

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари ҳамда ўнлаб юқори даражадаги халқаро анжуманларига мезбонлик қилди. Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг халқаро нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

– Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши керак. Агар шундай қилмасак, муаммоларни кўриб, кўрмасликка олсак, замондан орқада қоламиз. Халқимиз, ёш авлодимиз биздан рози бўлмайди, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу боис “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак. Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашимиз зарур.

Шуларни эътиборга олган ҳолда, Асосий қонунимизни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Ушбу ислоҳотдан халқимиз катта ўзгаришлар кутмоқда. Бугунги кунга қадар бу борада 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ҳам бунинг яққол далилидир.

“Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойили асосида барча масалалар бўйича халқимиз билан бамаслаҳат иш тутилмоқда.

Умуман, маъно-мазмуни инсон қадрини улуғлаш руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқиш кераклиги қайд этилди.

Фуқароларимиз билдирган барча таклиф ва истаклар, албатта, инобатга олинади ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади.

Ҳар галгидек, Мурожаатноманинг энг ҳаяжонли қисми янги йилга ном берилиши бўлди. Давлатимиз раҳбари келгуси йилга режаларни тўғри олиш учун халқимизнинг фикрини ҳар бир йўналиш бўйича чуқур таҳлил этиб, 20 мингга яқин таклифлар муҳокама қилинганини қайд этди.

– Одамларимиз таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт йўналишларида аниқ-аниқ масалаларни кўтариб, улар бўйича тизимли ечимларни ҳам таклиф этмоқда. Аҳолимиз биздан мактаб, боғча ва шифохоналарни кўпайтириш, таълим ва тиббиёт сифатини оширишни, маҳаллада йўл, сув, электр, транспорт муаммоларини ҳал қилишни, иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорликка янги имкониятлар яратишни, адолатни таъминлаш, оворагарчилик, бюрократия ва коррупцияни йўқ қилишни кутмоқда. Кўтарилган масалалар аниқ ва ўринлидир. Қанчалик қийин бўлмасин, биз бу муаммоларни ечишимиз шарт, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари кириб келаётган 2023 йилга мамлакатимизда Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили, деб ном беришни таклиф этди. Президентимизнинг ушбу таклифи тадбир иштирокчилари томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.

Келгуси йил учун режа ва дастурлар аниқ белгилаб олинар экан, мустақиллик йилларида эришган ютуқларимизни янада мустаҳкамлаб, энг муҳим ва устувор соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги таъкидланди.

Ихчам ва самарали давлат бошқаруви тизимига ўтиш, Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуриш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётга маҳаллий ва хорижий хусусий инвестицияларни кўпайтириш учун шароитларни янада яхшилашга қаратилган энг муҳим вазифалар, ички ва ташқи сиёсатга доир устувор йўналишлар белгиланди.

Президент Мурожаатномада айтилган вазифаларни дунёдаги ҳозирги мураккаб шароитда амалга ошириш осон бўлмаслигини қайд этди.

– Лекин биз ўтган даврда катта билим ва тажриба тўпладик. Энг муҳими, ўз куч ва имкониятларимизга бўлган ишончимиз тобора ортиб бормоқда.

Шу боис, қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Кўзлаган марраларимизга албатта етамиз.

Бу йўлда нияти улуғ, қалби пок, меҳнаткаш халқимизга таянамиз. Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, мен ишонаман, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни, албатта, барчамиз биргаликда бунёд этамиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Президент сўзининг якунида йиғилганларни, бутун халқимизни кириб келаётган Янги йил байрами билан чин қалбдан самимий табриклаб, сиҳат-саломатлик, файзу барака, оилавий бахт тилади.


Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА мухбири