«Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар».

                           Ўзбекистон Республикаси Конституцияси

* * *

«Халқ давлат ҳокимиятнинг ягона манбаидир».

                                         АҚШ мустақиллик Декларацияси

 

* * *

«Қонунлар ёмон бўлса ҳам, яхши амалдорлар билан мамлакатни идора қилиш мумкин, аммо амалдорлар ёмон бўлса, энг яхши қонунлар ҳам иш бермайди».

                                                   Отто фон Бисмарк

 

Конституция давлатнинг сиёсий-ҳуқуқий асоси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг гаровидир.

Конституция (лотинча “constitutio” – тузиш, ўрнатиш, белгилаш) – давлат тузилиши, ҳокимият ва бошқарув органлари тизими, уларнинг ваколати, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатларини белгилаб берадиган асосий қонун.

Дунёдаги илк давлат Дажла ва Фрот дарёлари оралиғида жойлашган Шумерлар давлати – Месопотамиянинг ҳам ўз қонунлари бўлган. У Хаммурапи қонунлари деб аталган.

Ўтган қарийб 50 аср ичида Ер сайёрасида юзлаб давлатлар ва конфедерациялар барпо этилди: Чин императорлиги, Турк ҳоқонлиги, Сомонийлар давлати, Византия, Рим, Усмонийлар империяси, Темурийлар давлати, Европа Иттифоқи ва ҳоказо.

Ҳар давлатнинг ўз сиёсий-ижтимоий ҳаётини тартибга солувчи қонунлари бўлган: Чингизхон «Ясоқлар»и, «Мангу ёрлиқ», «Темур тузуклар»и, «Домострой», «Хартия волностей», «Билль о правах» (ҳуқуқлар тўғрисида Билль), «Рим ҳуқуқи», «Habeas Corpus Act».

Хусусан, ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси соҳибқирон Амир Темур аввалги давр мутафаккирлари, давлат арбобларининг сиёсий қарашларини, шу жумладан, «Ясоқлар», «Мангу ёрлиқ» сингари давлат бошқарувига оид ҳужжатларни чуқур ўрганган ва «Темур тузуклари» номли қонун-қоидалар тўпламини яратган.

Бу харизматик, кенг дунёқарашга эга, билимли инсон ўз давлатининг куч-қудратини ошириш ва мустаҳкамлаш учун энг биринчи навбатда сиёсий-ҳарбий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказган.

«Темур тузуклари» ўз даврининг конституциясидир, десак, муболаға бўлмайди. Йирик шарқшунос олим Логофет эътироф этганидек, «Туркистонда Ғарбий Европадан 500 йил олдин Конституция вужудга келган».

«Тузуклар»да инсон омилига олий қадрият сифатида қаралган: «Раият хонавайрон қилинса, давлат хазинаси камбағаллашади, бу эса ўз ўрнида салтанатнинг кучсизланишига сабаб бўлади».

Халқнинг фаровон турмуш кечиришини таъминлаш мамлакатнинг иқтисодий-сиёсий қудратини оширишга хизмат қилишини буюк саркарда теран англаган.

Европада қабул қилинган биринчи Конституция «Хартия волностей» (Magna Charta Libertatum, Эркинликлар Хартияси) деб аталади. У 1215 йилда Англияда қабул қилинган.

Конституциявий аҳамиятга молик ҳужжатлар сирасига АҚШнинг 1776 йилда қабул қилинган «Мустақиллик декларацияси» ва Франциянинг 1789 йилда қабул қилинган «Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари Декларацияси»ни мисол қилиш мумкин.

Томас Жефферсон, Жорж Вашингтон ҳамда Бенжамин Франклин имзо чеккан Мустақиллик Декларациясида илк бор «Халқ давлат ҳокимиятнинг ягона манбаидир» деган конституциявий қоида мустаҳкамланган.

Мустақил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган.

Ўзбекистон Конституцияси мураккаб тарихий йўлни босиб ўтди ва халқимизнинг мустақиллик йўлидаги кўп асрлик интилишларининг маҳсулидир.

Бош қомусимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига ҳамоҳанг, Бақтрия, Парфия, Сўғдиёна, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Турк ҳоқонлиги давлатчилиги анъаналари, халқимизнинг қадриятлари ва орзу-ниятларини мужассам этади.

Конституциямиз инсоният томонидан тўпланган илғор тажриба, Платон, Аристотел, Эразм Роттердамский, Томмазо Кампанелла, Абу Наср Форобий, Алишер Навоий, Шарл Монтеске, Жон Локк каби буюк мутафаккирларнинг улкан илмий-фалсафий меросига таянади.

Хусусан, Шарл Монтескенинг «Қонунлар руҳи», Жон Локкнинг «Инсон салоҳияти намуналари», Форобийнинг «Фозил одамлар шаҳри», Томмазо Кампанелланинг «Қуёш шаҳри», Никколо Макиавеллининг «Ҳукмдор» асарларида инсон ҳуқуқларига ҳурмат, ҳокимият ваколатларини тақсимлаш тамойиллари, адолатли жамият, одил ҳукмдор ғоялари илмий асослаб берилган.

Конституциямизнинг яратилиши йўлидаги биринчи тарихий қадам – миллий ўзлигимиз рамзи бўлган она тилимизга давлат тили мақоми берилишидир. Давлат тили тўғрисидаги муҳим ҳуқуқий қоидаларни 4-модда акс эттиради:

«Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади».

Конституция давлатнинг сиёсий-ҳуқуқий асоси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг гаровидир. Шу ўринда Амир Темурнинг Куч – адолатда», «Қонунийлик адолат ўрнатишнинг асосий шартидир», «Ҳукмдорнинг ҳар бир амри, фармони — тўра ва тузук, одат ва қонун-қоидаларга таянган бўлиши керак» каби ўлмас ғоялари Бош Қомусимиз ва миллий тараққиёт тамойилларига муштарак эканлигини эслатиб ўтиш жоиз.

Конституцияда баён этилган идеалларни ҳаётга татбиқ этиш давомли ва масъулиятли жараён.

Қонун устуворлиги ва адолат тамойилларига асосланган фуқаролик жамиятини барпо этишда, демократик ҳуқуқ ва эркинликларни янада такомиллаштириш ва ҳимоя қилишда унинг аҳамияти беқиёсдир.


Моҳира ХОЛИҚОВА,

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Тошкент шаҳар педагогларни янги методикаларга ўргатиш

миллий маркази директори, фалсафа доктори, доцент