Президент Эммануэль Макрон Франция ва бошқа ғарб давлатлари Россияни йўқ қилиш ниятида эмас, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у Американинг “CBS” телеканалига интервьюсида билдирди.

“Масалан, Франциянинг бундай нияти бўлмаган. Қолаверса, маданият, тарих нуқтаи назаридан Россия билан муносабатимизяқин”, дейди у.

Шунингдек, француз етакчиси Президент Владимир Путин билан тўғридан-тўғри алоқани узмаганини ҳам айтиб ўтди.

Украина атрофидаги вазият ҳақида гапираркан, “низони фақат музокара йўли билан ҳал этиш мумкин, бу ишда ҳарбий ечим мутлақо ёрдам бермайди”, деди Макрон.
“Германия учун муқобил” партияси ҳамраиси Тино Хрупалла Германия ва Франция Киевни қурол-яроқ билан таъминлашни ва Москвага нисбатан санкцияни тўхтатиши керак, деб ҳисоблайди.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, кеча бир неча минг киши Миланда намойиш ўтказиб, Италия раҳбариятини Украинани қуроллантиришни бас қилишга чақирди.

“Урушга қарши бирлашамиз” ва “Киевга қурол йўқ” шиорлари остида ўтган акцияни Рим шаҳри собиқ ҳокими Жанни Алеманно ташкил этган.

“Зиддиятни тўхтатиш даркор, бу масала бутун Европага, дунёга хавф солмоқда. Биз томонларни “рождество сулҳи”га чақирамиз”, деди собиқ мулозим.
Туркия Президентининг расмий вакили Иброҳим Калин Украина воқеаси Россия ва Ғарб ўртасида “совуқ уруш” келтириб чиқарди, деб баёнот берди.
“Эҳтимол, бу геосиёсий воқеа томонлар бирлашгунча, янги глобал битим – янги хавфсизлик архитектураси параметри белгилангунча давом этади”, деди Калин “Al Jazeera” телеканали мухбири билан суҳбатда. Унинг сўзларига кўра, Россия ва Украина билан яқин алоқада бўлган Туркия зиддият узоқ давом этишини истамайди.

“Минтақавий тинчлик ва барқарорлик барчанинг манфаатига жавоб беради. Биргаликда муаммони ҳал қилиш йўлини ахтаришимиз керак”, деди у.

АҚШ Президенти маъмурияти Москва Украинадаги вазият бўйича дипломатик ҳамжиҳатликка қизиқиш билдирмаяпти, деб уқтирди. Бу ҳақда Давлат котиби Энтони Блинкен “CBS” телеканали журналисти билан суҳбатда айтиб ўтди.

Блинкен тахминича, Украина етакчиси Зеленский “тинчлик йўлидаги қарашини ифода этган, ҳозирча Президент Путин музокара бўйича дипломатия қадрини намойиш қилмаяпти.

Аброр ХОН,

ЎзА