Қорақалпоғистонда илк бор кластер усулида пахта етиштириш йўлга қўйилади

Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида жорий йилда пахта кластер усулида етиштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 25 январдаги «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-табдирлари тўғрисида»ги қарори асосида туманда «Boston Klaster» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Лойиҳа кўламида жорий йил 11 минг 40 гектар майдонга чигит экилиб, ҳар гектардан ўртача 22 центнердан, жами 24 минг 241 тонна маҳсулот олиш режалаштирилмоқда.
– «Boston Klaster» МЧЖ пахтачиликка ихтисослашган 380 фермер хўжалиги билан контрактация шартномаларини тузади, – дейди Элликқалъа тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари Олимбой Сейтимбетов. – Пахтачиликда Қорақалпоғистон Республикасида биринчи марта жорий этилаётган янги усул фермерларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Қарорга мувофиқ «Boston Klaster» МЧЖ фермер хўжаликларига ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, олинадиган ҳосилдорликни ошириш, етиштирилган пахтани ўз вақтида йиғиб олишга кўмаклашади. Шунингдек, уни қайта ишлаб, юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайди. Фермер хўжаликларига лизинг асосида техникалар олиш, минерал ўғитлар, уруғ-чигит материаллари, пахтани кимёвий ва биологик усулда ҳимоя қилиш ва бошқа моддий ресурсларни етказиб беради. Сотиб олинадиган пахтанинг нархи фермер хўжаликларининг рентабеллилиги ҳисобга олиниб, агротехник чоралар асосида шакллантириладиган харажатлардан келиб чиққан ҳолда шартнома асосида белгиланади ва у шу нархдан паст бўлмаслиги керак.
– Мазкур янги усулнинг жорий этилиши фермер хўжаликларида пахта ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси Уралбай Қалхонов. – Фермер хўжаликлари энди аввалгидек фақат етиштирган пахта хом ашёсидан эмас, балки унинг қайта ишланиб, тайёр маҳсулот бўлиб чиққанигача бўлган даромаддан тегишли улушини олади. Бу фермер хўжаликларининг иқтисодий пойдеворини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА мухбири