Президентимизнинг 2022 йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлари асосида Тошкент вилояти ҳокимлиги Мўйноқ туманига бириктирилган.

Вилоят делегацияси Мўйноқ туманида бўлиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишди.

Таъкидланганидек, Тошкент вилояти ва Мўйноқ тумани ҳокимликлари билан биргаликда 77 та объект бўйича жами 32 миллиард сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Шунингдек, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарорлари ва вилоят ҳокимининг тегишли фармойишлари асосида вилоят маҳаллий бюджетидан мазкур тадбирлар учун жами 16 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилган.

Хусусан, умумтаълим мактабларида 9 миллиард 457 миллион сўмлик маблағ ҳисобига қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган бўлиб, 4 миллиард 213 миллион сўмлик маблағ ўзлаштирилиши ҳисобига “Қозоқдарё” овул фуқаролар йиғинидаги 15-умумтаълим мактаби ва “Бўзатов” овул фуқаролар йиғини “Қаражар” овулидаги 9-умумтаълим мактаби филиалида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Тумандаги барча мактаблар тўлиқ спорт инвентарлари билан таъминланди. Ҳозирда “Уш сай” ҳамда “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги умутаълим мактабларининг спорт залларини қуриш ишлари давом этмоқда.

Тумандаги мактабгача таълим ташкилотларини қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари белгиланган бўлиб, ҳозирда “Бўзатов” овул фуқаролар йиғинидаги “Қипчакдарё” овулидаги ва “Тик ўзак” овул фуқаролар йиғинидаги мактабгача таълим ташкилотларини жорий таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилди.

Туман марказий тиббиёт бирлашмасига тиббиёт ускуналари етказиб бериш мақсадида 76,2 миллион сўм йўналтирилган бўлиб, тез ёрдам бўлимида қурилиш ишлари якунига етказилмоқда. Кам таъминланган оилалар аъзоларининг тиббий жарроҳлик амалиёти учун 85 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

Туман маркази ва “Ҳоким ота” овул фуқаролар йиғинида кутубхона бунёд этилди. Тумандаги барча МТТларга сув фильтрлари ўрнатилди, кўп квартирали биноларнинг том қисмига шифер ёпилди, ҳар бир маҳаллада футбол майдонлари қурилиб фойдаланишга топширилди. “Қозоқдарё” овул фуқаролар йиғинида 4,5 километр ва “Тик ўзак” овул фуқаролар йиғинида 3 километр ички йўлларни жорий таъмирланди.

Туман марказида “Ёшлар боғи” ташкил қилиниб, ҳудуднинг иқлимига мос, шўрга ва иссиққа чидамли манзарали кўчатлар етказиб берилмоқда.

Вилоят тадбиркорлари томонидан 2022-2023 йилларда қиймати 393,9 миллиард сўмлик 23 та лойиҳа амалга оширилиши ва 983 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган бўлиб, ҳозирда 10 дан ортиқ лойиҳа фаолиятини бошлади. Ташаббускорнинг ўз маблағи ҳисобидан 25 гектар ер майдонида деҳқончилик қилиш, шунингдек, “Агробанк” томонидан ажратилган 2 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағи ҳисобига автотранспортларга хизмат кўрсатиш ва логистика хизмати лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Балиқчилик фаолиятини ташкил этиш учун ташаббускорлар томонидан “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси орқали 1058 гектар ер майдонига эга табиий кўл ажратилди. Ҳозирда 2 миллиард сўмлик кредит маблағи йўналтирилиб, зарур ускуналар билан таъминланмоқда. Яна бир интенсив усулда балиқ етиштириш учун “Тик ўзак” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги эски паррандачилик-балиқчилик биноси тадбиркор томонидан сотиб олинди. Мазкур лойиҳа учун “Ипотека банк”идан 2,5 миллиард сўм кредит ажратилган. Қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш, 30 гектар ҳудудда “Нетхаус” ёзги иссиқхона ташкил этиш, шунингдек, туячилик ва эчкичиликни йўлга қўйиш лойиҳалари юзасидан ишлар якунига етказилмоқда.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга музлатгич, телевизор, газ плиталари берилди, шунингдек, кўплаб оилалар хонадонларига қуёш панеллари ўрнатилди.

Ташриф давомида меҳмонлар туман марказидаги хиёбон ҳудудида ташкил этилган шохобчалар, спорт майдончалари, ҳудудда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари, “Қозоқдарё” овул фуқаролар йиғини биноси, ушбу ҳудуддаги 15-умумтаълим мактаби, спорт майдончаси, “Бўзатов” ҳамда “Тик ўзак” овул фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги мактабгача таълим ташкилотларида амалга оширилган ишлар билан танишди. Кам таъминланган оилаларга, умумтаълим мактабларига вилоят ҳокимлиги томонидан совғалар топширилди. Спорт мусобақалари ғолиблари тақдирланиб, санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Туман аҳолиси турмуш-тарзини яхшилаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш юзасидан топшириқларнинг ўз муддатида ижроси юзасидан фикр алмашилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА