Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Теле орай” маҳалла фуқаролар йиғинида 24-оилавий поликлиниканинг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Очилиш маросимида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги “2021-2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги шароити оғир маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий, маиший ва инфратузилма ҳолати билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  Жумладан қарор асосида соғлиқни сақлаш соҳасида 8 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган.  Мазкур бинода “Gentiklash Qurılıs” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 3,3 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди.

Янги оилавий поликлиника энг сўнгги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бу ерда 10 нафар умумий амалиёт шифокори, 45 нафар  ўрта тиббиёт ходими, бундан ташқари, кардиолог, лаборант, невропатолог, педиатр, акушер-гинеколог каби ҳудудга зарур бўлган тор мутахассисликдаги шифокорлар фаолият юритади. Замонавий қиёфа касб этган поликлиникада ЭКГ, УЗИ, рентген, физиотерапия, лаборатория хоналари ташкил этилган. Бу хасталикларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш имконини беради. Эндиликда поликлиника жамоаси Нукус шаҳридаги “Теле орай”, “Алтин жағис”, “Бўз овул”, “Наўқан бағ” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида истиқомат қилувчи 18 минг нафардан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

Тадбир иштирокчилари янги бинода аҳолига яратилган шароитлар билан танишди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА