Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда ҳар йили ноябрь ойида “Кексалар учун туризм ойлиги” тадбири ўтказилади.

–Мазкур ойлик доирасида барча овул ва маҳаллаларда режа асосида кекса отахону-онахонлар учун диёримиздаги диққатга сазовор ва тарихий масканларга саёҳатлар ташкил этилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Баҳодир Болтабоев. – Жумладан, туманимизда ҳам  ойлик доирасида  тадбир ўтказилди. Тадбир “Саломатлик учун 5000 қадам” шиори остидаги марафон билан бошланди. Унда 200 нафардан ортиқ нуроний иштирок этиб, пиёда юриш ҳамда соғломлаштириш машғулотларида қатнашди. Шундан сўнг нуронийлар иштирокида мини футбол мусобақаси ташкил этилди.

Олмазор маҳалласи ҳудудидаги “Баркамол авлод” болалар мактабида бўлиб ўтган миллий ҳунармандчилик кўргазмаси ва “Уч авлод учрашуви” тадбирида 30 нафардан ортиқ нуроний ҳамда 50 нафардан ортиқ ёш иштирок этди. Қизиқарли ўтган тадбир якунида нуронийларга ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари берилди.

Масъуллар ва бир гуруҳ кексалар туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими биносида ташкил этилган тадбирларда иштирок этишди. Бўлим биносида нуронийлар иштирокида соғломлаштириш машғулотлари, шахмат-шашка мусобақаси ўтказилди. Мусобақа якунида фахрли ўринларни қўлга киритган иштирокчилар бўлим томонидан тайёрланган эсдалик совғалари ҳамда дипломлар билан тақдирланди.

Тадбир иштирокчилар фахрий нуроний Бозорбой Холимбетов ва унинг шогирдлари, ижодкор нуронийлар томонидан яратилган ҳайкалтарошлик, рассомчилик ижод намуналари, китоблар кўргазмалари билан танишди. Тадбир якунида Қорақалпоғистон Республикаси Нуронийлар жамғармаси ва туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан бир гуруҳ фахрий нуронийларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

Шу куннинг ўзида тумандаги Аёқчи маҳалла фуқаролар йиғинининг  янги биноси фойдаланишга топширилди. Мазкур бино замонавий услубда қурилган бўлиб, ходимлар учун барча шароитлар яратилган. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири Соғиндиқ Турманов сўзга чиқиб барчани янги бинонинг фойдаланишга топширилиши билан табриклади ва маҳаллага битта компьютер ва рангли принтер совға қилди.

Шундан сўнг маҳалладаги “Оталар чойхонаси”да “Эҳтиром, эъзоз, эътибор” деб номланган тадбир ўтказилди. Унда 60 нафардан ортиқ нуроний, шу ҳудуддаги фаол ёшлар қатнашди. Шу куни Қиличбой овулидаги “Хидирбой ота” тўйхонасида ташкил этилган “Янги Ўзбекистонни барпо этишда нуронийларнинг ўрни” тадбирида нуронийлар ёшларга ўзларининг бой ҳаётий тажрибалари ҳақида сўзлаб берди. Концерт дастури ташкил этилиб, иштирокчиларга ҳомийлар томонидан ош тортилди.

Меҳмонлар ҳамда нуронийлар Тўлқин овул фуқаролар йиғини биноси олдидаги “Street workout” майдончаси билан танишишди.  Улар фуқаролар йиғини биноси олдида ташкил этилаётган “Маҳалла боғи” га кўчатлар экди. Ушбу овулда ҳам “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди. Тадбир сўнгида 3 нафар фаол фахрий нуронийга 300 минг сўмдан пул мукофоти топширилди.

Шу куни 50 нафар нуроний Бухоро ва Самарқанд вилоятларига саёҳатга юборилди. Туманда “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири