Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Дебретсен шаҳрида жойлашган Венгриянинг энг қадимий ва мукаммал академик қадриятларига эга Дебретсен университети ректори Золтан Силваши билан учрашув ўтказди.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, дастлаб икки давлат университетлараро ҳамкорлик алоқалари ва улар ўртасида амалдаги келишувлар натижаси ҳақида сўз борди. Муносабатларни янада кенгайтириш масалалари, муҳим йўналишлардаги истиқболли режалар муҳокама қилинди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов университетлараро амалга оширилаётган самарали ишлар ҳақида сўз юритди. Бу борадаги натижалар самарасини Тошкент кимё-технология институти мисолида кўриш мумкинлигини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон олийгоҳларида Дебретсен университетидагидек таълим даражаси ва сифатни таъминлаш тажрибаси муҳим этиб белгилангани, жорий ўқув йилидан барча имкониятлар шу мақсадга сафарбар қилингани таъкидланди.

Ўз навбатида, профессор Силваши бу мақсадни осонлаштириш ва тезлаштириш учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.

Мулоқот давомида вазир истиқболдаги режаларда Тошкент шаҳрида ўзига хос илмий-ишлаб чиқариш марказини яратиш ишлари бошлангани, бу марказ таълим, фан ва ишлаб чиқаришни бир-бири билан боғлайдиган кимё саноати учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Унда Дебретсен университети билан таълим дастурларини кенгайтириб бориш режалаштирилганини билдирди.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон – Венгрия ректорларининг навбатдаги форуми ҳақида фикр алмашишди.

Н.Усмонова, ЎзА