Мамлакатимизда маҳаллабай тизими жорий этилиши натижасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражаси ва бандлигини таъминлаш маҳалла даражасида амалга оширила бошланди. Бунинг учун барча маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари лавозими жорий этилди. Бугун республикамизнинг барча ҳудудларида 9 минг нафардан зиёд ҳоким ёрдамчилари фаолият олиб бормоқда.

Хўш, ҳудудларда мазкур лавозим эгаларининг иш фаолияти самараси қандай кечмоқда?

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳоким ёрдамчиларининг кўмаги билан 1,9 миллион нафар фуқаронинг даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланди.

Хусусан, 560 минг нафари доимий иш жойларига жойлаштирилди. 778 минг нафари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинди, 66 минг нафари якка тартибдаги тадбиркорликка ва 137 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 341 минг нафар фуқарога ижара асосида ер ажратилди.

Маълумки, тегишли тартибга кўра, ҳоким ёрдамчилари «Темир дафтар», «Аёллар» ва «Ёшлар дафтар»лари доирасида ўз маҳаллаларида ўрганишлар ўтказиб, ижтимоий реестрни қайтадан янгилаши лозимлиги белгилаб қўйилган. Бунда энг аввало, ишлаш имконияти ва хоҳиши бор, лекин шароити оғир оилаларни ўқитиш ва ўз ишини бошлаши учун имтиёзли кредит, субсидия ёки деҳқон хўжалиги учун уларга ер майдонлари ажратиш йўлга қўйилади.

Ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 267 мингта лойиҳага жами 6,4 триллион сўм имтиёзли кредит ва 35 минг нафардан ортиқ ишсизларга 112 миллиард сўм субсидиялар ажратилди. 218 минг нафар аҳоли касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди. Ҳоким ёрдамчилари томонидан шакллантирилган 34 мингдан ортиқ «маҳаллабай» микро лойиҳалардан 19 мингтаси ишга туширилиб, 78 мингта янги иш ўринлари яратилди. Маҳаллаларда амалга оширилган ишлар натижасида 61 мингта юридик ва 62 мингта якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ҳоким ёрдамчиларининг олдига республика вакиллари билан биргаликда ўзига бириктирилган маҳаллани ривожлантириш бўйича 2022 йилга мўлжалланган «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш вазифаси қўйилган бўлиб, йиллик «йўл хариталари»га асосан, аҳоли яшаш шароитини яхшилаш бўйича маҳаллаларда 14,6 минг км. таъмирталаб ички йўллар шағаллаштиришга эришилди.

7,1 минг км. йўллар асфальтлаштирилди, маҳалла ҳудудидан ўтувчи магистраль йўл ёқасида бир минг км. пиёдалар йўлакчалари барпо этилди. Яроқсиз ҳолга келган 5,3 минг дона трансформатор, 141,6 минг дона сим ёғоч ва 122,6 минг дона тунги чироқлар алмаштирилди. 32,8 минг км. ариқларни тозалаш ва 6,5 мингта вертикал суғориш қудуқларини қуриш орқали 225 мингдан ортиқ хонадонлар томорқаси сув билан таъминланди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари ҳоким ёрдамчиларининг қўлида ўзининг бюджети бўлишини, маҳаллага бириктирилган солиқ, банк, йўл ва бошқа идоралар ходимлари билан бирга ишлашини таъкидлаб ўтган. Ҳоким ёрдамчилари солиқ, банк, иқтисодиёт, инвестиция, молия идоралари, ҳокимиятда ишлайдиган билимли ва фидойи ёшлар орасидан танланиши режалаштирилган. Улар янги тизим бўйича ишлашга ўқитилиши ва ишининг натижасига қараб яхши ойлик тўланиши, 2−3 йил маҳаллада ишлаб, яхши натижа кўрсатган ҳоким ёрдамчиларини, келгусида ҳоким ва вазир лавозимларига қўйилиши қайд этилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА