Ўзбекистон велоспортини ривожлантириш ҳамда бу соҳадаги ютуқлари билан ёшларга намуна бўлаётган Ольга Забелинская Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи” унвони билан тақдирланди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ольга Забелинская узоқ вақт давомида чет элда машғулотлар ўтказиб, бир қатор халқаро мусобақаларда иштироки боис мукофотни олишга улгурмаган эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ольга Забелинскаяга давлатимизнинг юксак мукофоти ҳамда Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтган Ислом бирдамлик ўйинларидаги муваффақиятли иштироки учун ажратилган пул мукофоти топширилди.

Мукофотни ўз эгасига Сенат раиси, Ўзбекистон велоспорт федерацияси раиси Танзила Норбоева топширди ва спортчини юксак мукофот билан қутлаб, унинг кейинги фаолиятига омад тилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ольга Забелинская турли халқаро мусобақалар ғолиби, Токиода бўлиб ўтган Олимпиадада аёллар ўртасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган ягона велоспортчи ҳисобланади.

Бундан ташқари, у турли халқаро пойгаларда мунтазам иштирок этиб, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга ҳисса қўшмоқда.

Масалан, жорий йилнинг июнь ойида у машҳур UCI – Jiro d’Italia Donne профессионал пойгасида, июль ойида эса Tour de France Femmes avec Zwift пойгасида ҳам қатнашди. Яқинда эса О.Забелинская Австралиянинг Вуллонгонг шаҳрида ўтказилган шоссе велоспорти бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этди.

ЎзА