Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан Буюк Британия Қироллик қишлоқ хўжалиги университети (Royal Agriculture University) ҳамкорлигида ташкил этилган Халқаро қишлоқ хўжалиги университетининг янги биноси очилиш маросими бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Алишер Шукуров, Қироллик қишлоқ хўжалиги университети проректори, профессор Питер Маккаффери, Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ректори Мунира Аминовалар сўзга чиқиб, университет фаолияти ҳақида фикр билдирди. Талабаларни янги ўқув йили ва янги бино билан қутлади.

Шундан сўнг, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, профессор Алишер Тўраев, Британия кенгашининг Ўзбекистондаги директори Денис Уоддингем, Нидерландия Қишлоқ хўжалиги, табиат ва озиқ-овқат сифати вазирлигининг лойиҳа менежери Йохем Плейсер ва Халқаро қишлоқ хўжалиги университети катта илмий ходими, доктор Нил Равенскрофт талабалар учун тақдимот-маъруза ўтказди.

Халқаро ташкилотлар ва маҳаллий давлат органлари вакиллари, агрокомпаниялар раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари бинонинг илк меҳмони бўлди.

– Университетимиз тарихидаги бугунгидай муҳим кунда сизларни қарши олишдан мамнунман. Ушбу даргоҳ янги билимлар, дунёни яхши томонга ўзгартира оладиган интилувчан ёшларнинг масканига айлинишига ишончим комил, – дейди Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ректори Мунира Аминова. – Университетда энг замонавий илм-фанга йўналтирилган турли йўналишлардаги мутахассислар учун билим берамиз. Ишонамизки, талабалар олган билимларини келгусида амалиётда қўллай оладилар ва замонамизнинг глобал муаммолари, хусусан, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, пандемия оқибатлари ва бошқа масалаларни ҳал қилишга ўз ҳиссаларини қўшадилар.

Олийгоҳ талабаларга замонавий касблар бўйича халқаро даражага эга бўлиш имконини беради. Улар орасида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича менежер, экспорт ва импорт мутахассиси, қишлоқ хўжалигида компьютер технологиялари муҳандиси ва бошқалар бор. Университетдаги ўқув жараёни ва шароитлар шундай тузилганки, талабалар олган билимларини дарҳол амалиётда қўллашлари мумкин. Бунинг учун бўлажак иш берувчилар университет билан ҳамкорликка таклиф этилган бўлиб, улар орасида кластерлар, савдо компаниялари ва ҳудудий марказлар мавжуд.

Ўқиш дастури ва ўқув жараёнига қўйиладиган талаблар хорижий ҳамкор университет – Қироллик қишлоқ хўжалиги университети томонидан белгиланади. У Буюк Британиядаги қарийб 150 йиллик тарихга эга энг нуфузли университетлардан бири ҳисобланади. Тошкентдаги Халқаро қишлоқ хўжалиги университети битирувчилари ўқишни тамомлагандан сўнг Британия университети дипломига эга бўладилар.

Университетда агрономия, агроиқтисодиёт, агрологистика, биотехнология, ақлли қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишлари бўйича ўқув дастурлари жорий этилган.

Очилиш маросими доирасида “BEK CORP” кластер корхонаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. У ишлаб чиқариш корхонаси ва олийгоҳ ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, талабаларнинг амалий машғулотлар ўтказиши учун шарт-шароит яратиш имконини тақдим этади.

Янги қишлоқ хўжалиги университетини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш доирасида аграр соҳа учун замонавий талаб ва стандартларга мос юқори малакали кадрлар тайёрлашдан иборат.

Бу борада етакчи хорижий университетлар билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ҳам кўзда тутилган.

Д.Маматова,  
ЎзА мухбири