Антон Силуанов: "Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз барча йўналишда изчил ривожланмоқда"

Мамлакатимизга ташриф билан келган Россия Федерацияси молия вазири Антон Силуанов давлатимиз раҳбари билан учрашувдан сўнг ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи доирасида мамлакатларимиз раҳбарлари томонидан имзоланган муҳим ҳужжатлар ва эришилган келишувлар бугун кенг кўламда амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ва Россия молия вазирликлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум иқтисодий соҳадаги ҳамкорлигимизга янги суръат бағишлади. Ушбу ҳужжатга мувофиқ молия вазирликлари ўртасида солиқ ва божхона тизимларини такомиллаштириш юзасидан фаол мулоқот ўрнатилди.

Меморандум доирасидаги мазкур ташрифдан мақсад мамлакатларимиз вазирлик ва идоралари ўртасида молия соҳасида ўзаро тажриба алмашиш истиқболларини белгилаб олишдан иборат. Шу мақсадда делегациямиз таркибида Россия Федерацияси Молия вазирлигидан ташқари Федерал солиқ, Федерал божхона хизматлари, молия институтлари, етакчи департаментлар раҳбарлари ташриф буюрди.

Вазирликларимизнинг ўзаро манфаатларига оид ҳамда бошқа йўналишлар бўйича тузилган ишчи гуруҳларнинг Тошкентда ўтган мажлисида икки томонлама мулоқот доирасидаги барча масалалар кўриб чиқилди. Ўзбекистонлик ҳамкасблар билан солиқ ва божхона соҳасидаги ислоҳотлар, молия қонунчилигини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Музокара якунида мамлакатларимиз молия вазирликлари ўртасида ўзаро самарали ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган “Йўл харитаси” имзоланди.

Матназар Элмуродов
ёзиб олди.

 

ЎзА