Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида Дания Қироллиги ташқи ишлар вазири Йэппе Себастьян Кофод билан музокара олиб борди.

ТИВ матбуот хизмати маълум қилишича, томонлар сиёсий мулоқотни кучайтириш учун ўзаро ташриф ва амалий тадбирлар ташкил этиш муҳимлигини таъкидлаган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Дания ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик ва маслаҳатлашув тўғрисида протокол имзолаш таклиф қилинди.

В.Нoрoв таъкидлаганидек, Ўзбекистон томони Дания ҳукуматининг мамлакатимизда Фахрий консуллик идораси очиш тўғрисидаги қарорини мамнуният билан қабул қилади.

Тошкент ва Копенгаген БМТ ва бошқа халқаро институтлар доирасида ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлиги маълум қилинди.

Савдо ва инвестиция алоқаси учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида томонлар манфаатдор идораларнинг ўзаро ташрифини уюштириш масаласини ўрганишга келишиб олдилар.

Даниянинг етакчи илмий-тадқиқот институтларида ўзбекистонлик ёш тадқиқотчилар учун тренинг ва амалиёт ташкил этиш таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга ёрдам бериши таъкидланди.

ЎзА