Ёшлар – эртамиз эгалари, келажак бунёдкорларидир.

Шу боис, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ёшлар билан доимий мулоқот қилишга, ёшлар масаласига давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ҳамда партиянинг Марказий аппарати томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган “Истиқлолнинг иқтидорли ёшлари: шахсий фаоллик ва самарали натижа” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилиши, келажагимиз эгаларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик борасида сўз борди.

— Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида ўз фаолиятини бошлагач, биринчи имзолаган қонун айнан “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун бўлгани замирида ҳам катта маъно-мазмун мужассам, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Зуҳра Иброҳимова.

— Мазкур қонун юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга, ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, ўтган даврда ёшларни қўллаб-қувватлашга оид ўнлаб фармон ва қарорлар қабул қилингани давлатимиз раҳбарининг ёшлар масаласига нақадар устувор аҳамият қаратаётганининг ёрқин ифодасидир.

Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати, ёш авлоднинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги ислоҳотлар парламентда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг 6 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

Ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш мақсадида Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссияси тузилди. Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил қилинди. Ҳозирги кунда Комиссия ва Ёшлар парламенти аъзолари қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни кенг жалб этиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёш авлод орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини оширишда фаол иштирок этмоқдалар, — деди фракция раҳбари.

Тадбирда сўз олган партия фаоллари ва ёшлар ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишларга тўхталиб ўтдилар.

— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда 30 июнь — “Ёшлар куни” деб эълон қилинди, — деди “Адолат” СДП Марказий аппарати раиси ўринбосари Умид Сулаймонов. — Турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган фидойи ёшларимизни рағбатлантириб бориш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди. Ёшларнинг билими ва иқтидорини ривожлантириш мақсадида мутлақо янги намунадаги таълим масканлари — “Президент мактаблари”, “Темурбеклар мактаби”, “Ижод мактаблари” ҳам бугунги глобаллашув шароитида рақобатга қодир бўлган етук кадрларнинг янги авлодини тарбиялашга хизмат қилмоқда. Бу каби амалий ишлар келажагимиз бўлган ўғил-қизларимизни юрт тақдирини ўз бўйнига олишга қодир қилиб тарбиялашга замин бўлади.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, кейинги йилларда жорий этилган “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар дастурлари” асосидаги амалий ишлар натижасида минглаб йигит-қизларнинг муаммолари ҳал этилмоқда, кам таъминлаган оилалар фарзандлари бўлган талабаларнинг контракт пули тўлаб берилмоқда, ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланмоқда. Маълумотларга кўра, “Ёшлар дафтари”га киритилган 700 мингдан ортиқ йигит-қизларнинг муаммоларини ҳал этишга 650 миллиард сўм йўналтирилди. Сўнгги икки йилда 174 минг нафар ёшнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 4 триллион 400 миллиард сўм имтиёзли кредитлар берилди, 560 минг нафарига деҳқончилик учун ер майдони ажратилиб, бандлиги таъминланди.

Бу борадаги ишларга жавобан юртимиз ёшларининг фаоллиги ҳам ортиб бораётир. Хусусан, Конституциявий ислоҳотлар жараёнида ёшлар ўз таклиф ва ташаббуслари, фикр-мулоҳалари билан фаол иштирок этмоқда. Конституциямизни такомиллаштириш бўйича келиб тушган таклиф ва ташаббусларнинг  70 фоизга яқини айнан ёшлар томонидан берилгани эътиюорга молик.

Тадбир сўнггида иштирокчилар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлислар зали, кутубхонаси, парламент музейи билан танишдилар.

Муҳтарама Комилова, ЎзА