Президентимизнинг жорий йил 16 августдаги «Маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш ва молиявий имкониятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, ҳар бир маҳаллада Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси ташкил этилди. Жамғармалар маблағлари қуйидагилардан шакллантирилади.

Жамғарма маҳалладаги 2 000 квадрат метргача бўлган давлат объектларини сотишдан тушадиган, маҳалланинг мол-мулкини ижарага беришдан олинадиган маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Бундан ташқари, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарорларига асосан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратиладиган, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун маҳаллий бюджетдан ажратиладиган, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг техник кўмак маблағлари ҳисобидан моддий таъминоти шакллантирилади.

Маблағлар маҳалладаги ички йўллар, электр энергияси ва табиий газ тармоқлари, ичимлик ва оқова сув тизимини таъмирлаш ва тиклаш учун йўналтирилади. 2023 йил 1 январгача ҳар бир маҳалланинг аниқ чегаралари белгиланади.

ЎзА