Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманлари, чекка қишлоқларида мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишлаб “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида “Маънавият фестивали” давом этмоқда.

Маънавий-маърифий тадбирлардан бири Нукус шаҳридаги “Бўз овул” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 43-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.

“Мурувват” ва “Саховат” интернат уйларида яшайдиган ногиронлиги бўлган шахслар, касалхонада ётган беморлар ва кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида  “Меҳр-мурувват ва саховат” лойиҳаси доирасида  Нукус “Мурувват” аёллар интернат уйида учрашув ташкил этилди.

Мурувват уйи қарамоғида руҳиятида ўзгариши бор турли ёшдаги аёллар стационар даволанади. Уларга тажрибали шифокорлар, психолог ва бошқа соҳа мутахассисларидан иборат бўлган тажрибали персонал амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Ногиронлиги бўлишига қарамасдан, “Мурувват” уйида фаолият кўрсатаётган тўгаракларда расм чизиш, қўл меҳнати ҳамда спорт билан шуғулланиб келади.

Тадбирда мамлакатимизда инсон қадр-қиммати, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қулай муҳит яратиш, жамиятга интеграция қилиш борасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар ҳақида сўз борди. Улар мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур ҳуқуқий, ташкилий шарт-шароитлар яратилаётгани қайд этилди.

Фестиваль доирасида Қорақалпоқ давлат Ёш  томошабинлар театрида республика Маънавият ва маърифат маркази билан “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида чоп этилган “Ўзбекистон Қаҳрамонлари” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Тақдимотда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан миллатимиз қаҳрамонларига эҳтиром сифатида яратилган мазкур китоб-альбом мазмун-моҳияти, унинг ёш авлодни тарбиялашдаги аҳамияти ҳақида айтилди. Бугунги кунда Ватанимиз тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган бир юз уч нафар юртдошимиз “Ўзбекистон Қаҳрамони” юксак унвони ҳамда “Олтин Юлдуз” медали билан тақдирланган бўлса, шундан саккиз нафари Қорақалпоғистон Республикаси вакилларидир.

“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар шаҳар ва туманларда давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА