Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида соҳавий медиа-мактаблар доирасида ОАВ вакиллари ва блогерлар учун «Молиявий хизматлар кўрсатишда замонавий янги тизим – афзаллик ва имкониятлар» мавзусида медиа-мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда жаҳон тажрибаси асосида мамлакатимизда молиявий хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида ташкил этилаётган янги тизим – «Тартибга солиш қумдони»нинг моҳияти, тўлов тизими фаолияти, бу борада жорий этилаётган янгиликлар хусусида маълумотлар берилди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 27 январдаги «Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига ҳамда шу йил 28 январдаги «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ «Замонавий молиявий хизматлар ва нақд пульсиз тўловларни ривожлантириш Стратегияси» ишлаб чиқилган.

Марказий банкнинг Банк депозитлари миллий ахборотлар базасидаги маълумотларга кўра, жорий йил 1 июнь ҳолатига катта ёшли аҳолининг 66,4 фоизи банк ҳисобварақларига эга.

Ҳозирда мамлакатимизда мижозларни масофавий биометрик идентификация қилиш технологиясидан 15 та тижорат банки ва 4 та тўлов ташкилоти фойдаланмоқда. Жорий йилнинг охирига қадар мазкур технология барча тижорат банклари ва тўлов ташкилотларида тўлиқ татбиқ этилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, мамлакатимизда банк картаси ва тўлов терминалидан бевосита фойдаланмасдан етказилган товар ва кўрсатилган хизматлар учун мобил илова дастурлари ёрдамида QR-код орқали тезкор тўловларни амалга ошириш оммалашиб бораётганини кўрсатмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, тартибга солиш қумдони молия бозоридаги рақобатни ошириш, мижозлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва молия тизими барқарорлигини таъминлаш шарти асосида жорий этишга кўмаклашиш, молиявий хизматлар турларини кенгайтириш ва оммабоплигини таъминлаш ҳамда уларнинг қонунчилик базасини такомиллаштиришни кўзда тутади.

Тартибга солувчи қумдоннинг иш тартиби молиявий бозор иштирокчиларининг муайян гуруҳига эмас, балки кенг жамоатчилик манфаатларига қаратилган мезонлар асосига қурилади. Пировардида, экспериментларни амалга ошириш жараёнини мониторинг қилиб бориш ва назорат қилиш, олинган натижаларга қараб, молиявий хизматларни жорий этиш (этилмаслиги) бўйича тегишли қарор қабул қилишга имконият яратади.

 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА