Пойтахтимизда Давлат экология қўмитаси ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти – GIZ ҳамкорлигида иқлим ўзгариши соҳасида янги минтақавий лойиҳанинг амалга оширилиши борасида мулоқот бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан грант лойиҳасини амалга ошириш бўйича Давлат экология қўмитаси ҳамда GIZ ўртасида битим имзоланди. Марказий Осиёда иқлим хавфларини бошқариш минтақавий лойиҳаси Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистонда амалга оширилиши режалаштирилган.

Маълумотларга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион еврони ташкил этиб, Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги томонидан молиялаштирилади ҳамда 2022-2026 йилларда имплементация қилинади.

Тадбирда Ўзбекистон иқлими кун тартибининг энг муҳим жиҳати «яшил» иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш эканлиги қайд этилди. Экспертларнинг таъкидлашича, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш, углеводородлардан фойдаланишни қисқартириш, қайта тикланадиган энергия манбалари улушини ошириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Шундай қилиб, 2030 йилга келиб энергия самарадорлиги кўрсаткичи икки баравар ошиши ва ялпи ички маҳсулотнинг углерод истеъмолини пасайиши кутилмоқда.

Лойиҳанинг амалга оширилиши Давлат экология қўмитаси ҳамда иқлим ўзгариши соҳасидаги давлат идоралари мутахассислари учун кадрлар салоҳиятини институционал мустаҳкамлаш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга, Марказий Осиё мамлакатлари билан иқлим кун тартиби бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга ва ўзаро трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Гулноза Бобоева, ЎзА