Маълумотларга кўра, жорий йилда Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказларида 100 минг нафар, «Узлуксиз касбий таълим» электрон платформаси орқали 87 минг нафар тизим ходимлари ўз малакасини оширган.

Натижада тоифага эга ўқитувчилар сони 220 минг 110 нафардан 325 минг 818 нафарга ёки уларнинг улуши 43,8 фоиздан 64,8 фоизга ошишига эришилган. Шунингдек, ўқитувчиларнинг касбий малакасини ошириш мақсадида жами 176 нафар хорижий эксперт ва педагоглар жалб қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими вазирлигининг 2022 йил 6 ойлик фаолияти якунлари ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик масалаларига бағишланган матбуот анжуманида тақдим этилган маълумотларга кўра, педагог кадрлар сифатини ошириш мақсадида Педагогика университети халқ таълими тизимига ўтказилди.

Келгусида эса Тошкент давлат педагогика университети халқаро талаблар асосида трансформация қилиниши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, 2022 йилда 246 нафар маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида мактаблар учун Миллий ўқув дастури яратилиб, ўқув жараёнига босқичма-босқич жорий этилмоқда. Дастур асосида 296 номдаги янги авлод дарсликлари, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китоблари яратилди. Шу жумладан, 189 та дарслик, 50 та машқ дафтари, 57 та методик қўлланмалар ва дарсликларнинг мобил иловалари яратилди.

Ёш авлодни соғлом вояга етиши учун жорий ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизими жорий этилди.

Бунда Қорақалпоғистон Республикасида – 139 мингдан ортиқ (726 та мактаб), Хоразм вилоятида – 134 мингдан ортиқ (549 та мактаб) ўқувчи бепул овқатланиши ташкил этилди.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, умумий ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар дубликатини бериш Ягона интерактив хизматлари портали орқали 7 кун ичида (илгари 30 кун) олиш имконияти яратилди. Бунинг натижасида бугунги кунга қадар 3 131 нафар фуқаро ҳужжат дубликатини электрон шаклда олди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА