Ҳар йили олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабул жараёни бошланиши арафасида «фалон доллар берсанг, ўқишга киритиб қўяман», дейдиган фирибгарлар кўпаяди. Энг ачинарлиси, фирибгарлар тузоғига минглаб одамлар илинмоқда. ОТМ имтиҳон натижалари чиққанда ўқишга кирганлар қаторида йўқлиги бир зарба бўлса, миллион-миллион пулларини энди фирибгардан қайтариб ололмаслигидан баттар эзилади.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларни аниқлаш ва чек қўйиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда ўрта-махсус ва олий таълим соҳасида пора олиш, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби жиноятларни содир этишининг олдини олиш борасида мунтазам равишда тезкор-қидирув тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида олий таълим муассасаларига ўқишга киритиш билан боғлиқ 127 та жиноят фош этилиб, 384 млн. сўм ва 457 минг АҚШ долларининг фирибгарлик ёки пора сифатида қўлга киритилишининг олди олинди.

Бундан ташқари, хорижий давлатлардан ўқишни юртимиздаги олий таълим муассасасига кўчириб беришни ваъда қилган шахсларнинг 34 та жинояти фош этилиб, ҳуқуқбузарлар томонидан 81,8 млн. сўм ва 168,2 минг АҚШ долларининг қўлга киритилишига чек қўйилди.

Юртимиздаги коллеж ва техникумларга ўқишга киритиш билан боғлиқ 37 та жиноят фош этилиб, 22 млн. сўм ва 27,5 минг АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилганда, бу борада Андижонда – 29 та, Фарғонада – 27 та, Тошкент шаҳарда – 26 та, Самарқандда – 21 та, Бухоро ва Тошкент вилоятларида – 17 тадан, Наманган ҳамда Сирдарёда – 16 тадан, Сурхондарёда – 9 та, Жиззах, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмда – 6 тадан, Қашқадарёда – 3 та, Навоий вилоятида – 1 та жиноят аниқланган бўлиб, ҳуқуқбузарлик содир этганларнинг 17 нафари олий таълим тизимида, 14 нафари коллеж ва лицейларда ишласа, 169 нафари бошқа соҳа вакиллари ёки фуқароларни ташкил этган.

Айни пайтда юртимизда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари давом этар экан, Департамент ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар томонидан ушбу йўналишда коррупция ҳолатларининг олдини олиш борасида профилактика ва тезкор-қидирув тадбирлари давом этади.

Манг афсуски, орамизда «Диплом бўлса етади, у ёғи бир гап бўлар» қабилида иш тутадиган, абитуриентнинг қобилияти, билими ва салоҳиятига иккинчи даражали масала сифатида қарайдиганлар ҳам йўқ эмас.

Шу ўринда ота-оналар ва абитуриентларга шуни айтган бўлар эдик. Республикамизда фаолият юритаётган 170 та олий таълим муассасаларининг барчасида ўқишга кириш борасида кенг имкониятлар яратилган.

Ҳар бир абитуриент бир вақтнинг ўзида 5 тагача ОТМга кириш учун имтиҳон топшириши, қолаверса, етарлича балл тўплай олмаган тақдирда контракт ёки оширилган контракт тўловини амалга ошириб, талаба бўлишлари мумкин.

Агар олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда, ўқишга киришда очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ҳаракат қилсангиз қонунни бузмайсиз ҳамда фирибгарлар тузоғига тушиб қолмайсиз.

Ш.Маматуропова, ЎзА