Президент давлат идораларида “маҳалладан – республикагача” тамойили асосида кадрларни ўстириш тизими жорий қилинишини таъкидлади.

–Биз давлат хизматини маҳаллага тушириш бўйича катта ислоҳотларни бошладик. Ҳар бир маҳаллада – раис, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлардан иборат яхлит тизим яратилди. Бундан буён, раҳбарлик лавозимларига номзодлар маҳаллада одамлар билан ишлаган, уларнинг муаммосини ўз кўзи билан кўриб, ҳал қилган кадрлар орасидан танлаб олинади, – деди давлатимиз раҳбари.

Шунинг учун, 1 ноябрдан:

– эски намунадаги “объективка”дан воз кечилиб, илғор IT-технологиялар асосида ходимнинг малакаси ва салоҳияти, эришган натижаларини баҳолайдиган тизимга ўтилади;

– ходимни баҳолашда қайси олийгоҳни битиргани ёки қаерда ишлагани эмас, қандай билим-тажрибага эгалиги ва кўрсатган натижалари асосий мезон бўлиши шарт.

–Оддий қилиб айтганда, раҳбарликка таcодифан келиб қолишнинг олди олинади, – деди Президент.

ЎзА