ФОТОРЕПОРТАЖ

Термиз шаҳри камондан отиш спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпионатига мезбонлик қилмоқда. “Алпомиш арена” ўйингоҳида мазкур мусобақасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тантанада сўзга чиққан жамоатчилик вакиллари юртимизда спортни оммалаштириш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ҳамда уларнинг самараси хусусида тўхталиб ўтдилар. “Париж-2024” Олимпия ўйинлари ва бошқа нуфузли турнирларда спортчиларимизга улкан омад ва зафар тиладилар.

Шундан сўнг мерганлик баҳсларига старт берилди. Мазкур мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан ташриф буюрган 250 нафардан ортиқ спортчи куч-маҳоратини намойиш этмоқда. Унда катталар ва ёшлар 70 метрга , ўсмирлар 60 ҳамда кичикроқ ёшдагилар эса 50 метрга қарата нишонга ўқ отиб, ғолиблик учун курашмоқдалар.

Мусобақа 27 апрель кунига қадар давом этади.

Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА