Хабарингиз бор, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида хоккей бўйича 18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида Осиё ва Океания кубоги ўтказилмоқда.

Мазкур мусобақанинг 2-турида Ўзбекистон терма жамоаси «Ҳумо Арена»да Малайзия терма жамоасига қарши ўйин ўтказди ва 29:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Таиланд термаси Эрон устидан 23:0 ҳисобида зафар қучди.

Маълумот учун, мазкур мусобақада иштирокчилар икки гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро рақобатлашмоқда. Пойтахтимиздаги «Ҳумо Арена»да бўлиб ўтаётган «А» гуруҳи доирасидаги учрашувларда Ўзбекистон, Таиланд, Эрон, Малайзия ва Қувайт ўсмирлар терма жамоалари куч синашмоқда. Самарқандда эса «В» гуруҳида Мўғулистон, БАА, Ҳиндистон, Макао ва Индонезия ўсмирлар терма жамоалари ўзаро ўйин ўтказаётир.

Жамоалар гуруҳларида ўз ўринларини тақсимлаганидан сўнг, Тошкентда 9, 7, 5, 3 ва 1-ўринлар учун плей-офф ўйинлари ташкил этилади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА