Бугун, 26 апрель куни пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубогининг тўртинчи босқичи бошланади.
Ўзбекистон спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакатимиз гимнастика федерацияси ва бошқа бир қатор ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган мазкур мусобақада дунёнинг 34 мамлакатидан 100 дан ортиқ гимнастикачи қизлар иштирок этади.
Жаҳон кубогида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари яккалик ва гуруҳ дастурида иштирок этади. Аниқроғи, яккалик дастурида Тахмина Икромова ҳамда Наталя Усова, гуруҳ машқида Шаҳзода Ибрагимова, Мумтозабону Исъҳоқзода, Эвелина Аталянс, Амалия Мамедова ва Ирода Содиқова каби гимнастикачилардан иборат жамоамиз баҳсларга киради.
Жумладан бугун, 26 апрель куни мусобақанинг яккалик баҳсларида ҳалқа ва коптокда машқ бажариш бўйича баҳслар ўтказилади. Ушбу беллашувларда Тахмина Икромова ҳамда Наталя Усова «B» гуруҳидан ўрин олди.
Шунингдек, гуруҳ беллашувларида жамоалар 5 та ҳалқада машқ бажариш бўйича ўзаро рақобатлашади. Аниқроғи, «A» гуруҳида терма жамоамиз билан бирга Финляндия, Туркия, Венгрия, Франция, Қозоғистон, Қирғизистон, Польша, Грузия, Хитой ва Германия терма жамоалари куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА