Фарғоналик бир гуруҳ нуроний отахонлар соғлом турмуш тарзини ва оммавий спортни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш мақсадида эрта тонгдан “Фарғона – Бухоро – Қорақалпоғистон” йўналиши бўйича ташкил этилган веломарафонда йўлга чиқди.

Велосипед ҳайдаш инсон соғлиги учун кони фойда. У организмнинг умумий чидамлилигини оширади, инсонннинг ўзини янада бақувват, фаолроқ ва кучлироқ ҳис қилишига кўмаклашади. Шу боис, вилоятда мазкур спорт тури билан шуғулланаётганлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда.

Мамлакатимизда турли йўналишлар бўйича веломарафон ташкил этиш анъанага айланмоқда. Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасидан старт олган веломарафон ҳам шулардан биридир. Мазкур узоқ масофали веломарафонда вилоятнинг 36 нафар фахрий велоспортчиси “Фарғона – Бухоро – Қорақалпоғистон” йўналиши бўйича сафарга отланди. Отахонлар сафарни Наманган, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятлари орқали амалга оширади.

Вилоят спорт бошқармаси томонидан тадбир иштирокчиларини спорт формалари билан таъминлаш ҳамда сафар билан боғлиқ сарф-харажатлар учун зарурий ёрдам кўрсатилди.

Веломарафон Президентимизнинг 2021 йил 24 сентябрдаги “Велоспортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилмоқда.

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири