Қатарда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтаётган Осиё кубоги чорак финалидан ўрин олган икки беллашув бўлиб ўтди.

Дастлаб, Япония мусобақа мезбони Қатар термасини 4:2 ҳисобида енгди ва ярим финалга йўл олди. Чорак финалнинг иккинчи учрашувида Жанубий Корея ва Индонезия олимпия терма жамоалари ўзаро рақобатлашди.

Ўйиннинг асосий дақиқаларида 2:2 ҳисоби қайд этилди. Экстра таймларда ҳам ҳисоб ўзгармади. Шундан сўнг ўйин ғолибини пенальтилар серияси аниқлаб берди. Унда Индонезия 11:10 ҳисобида даҳшатли футбол лотореясида Жанубий Кореяни  мағлуб қилди ва мусобақада сенсация ҳосил қилди.

Осиё кубогининг бугун, 26 апрель куни ўтадиган чорак финал баҳсида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Саудия Арабистони билан, Ироқ эса Вьетнам билан ўйнайди. Бугунги учрашувда футболчиларимиз ғалаба қозониб, ярим финалга йўлланма олса, финал ва “Париж-2024” остонасида Индонезия билан ўйин ўтказади. Ироқ – Вьетнам жуфтлиги ғолиби эса Японияга қарши майдонга чиқади.

Эслатиб ўтамиз, Темур Кападзе шогирдлари Саудия Арабистонига қарши тўлиқ оқ либосда, дарвозабонимиз эса қора либосда ҳаракатланади. Учрашув Тошкент вақти билан 19:00да «Khalifa International» стадионида старт олади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзA