Пойтахтимиздаги «Universal Horses Stable» мажмуасида от спорти бўйича «CS01*-W LONGINES FEI JUMPING NATIONS CUP EURASIAN LEAGUE» жамоавий мусобақаси ўтказилди.

Мазкур мусобақада ҳамюртларимиздан ташқари Қирғизистон, Қозоғистон ва Россиядан келган чавандозлар икки даврадан иборат конкур йўналишида баҳслашди. Жамоавий баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Аъзам Толибоев, Оқил Собиржонов, Абдураҳмон Абдуллаев, Дилшод Шокиров каби тажрибали спортчилар иштирок этди. Ушбу жамоамиз илк даврадан сўнг, пешқадам бўлиб олди. Иккинчи ўриндан Қозоғистон ва Қирғизистон термалари жой олган эди. Аммо иккинчи даврада қозоғистонлик чавандозлар қирғизистонлик рақибларини ортда қолдирди. Ўзбекистон терма жамоаси эса ушбу босқичда ҳам биринчи ўринни ҳеч кимга бермади.

Бунинг натижасида олтин медални қўлга киритган чавандозларимиз шарафига мадҳиямиз янграб, Ватан байроғи баланд кўтарилди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА