27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни

Матбуот – жамиятнинг кўзгуси. Ундаги ривож, тараққиёт, ҳалоллик кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситалари фаолияти билан узвий боғлиқдир.

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни мамлакатимизда бу йил ҳам кенг ва кўтаринки руҳда нишонланмоқда. Медиа соҳа вакилларининг республика анжумани, “Ашхобод боғи”да матбуотчилар фарзандлари учун ташкил этилган махсус сайллар, спорт мусобақалари, “Заковат” интеллектуал ўйинлари байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Сана муносабати билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан пойтахтимиздаги “Hyatt Regensy” мажмуасида тантанали байрам тадбири ташкил этилди.

Унга барча турдаги оммавий ахборот воситаларида меҳнат қилаётган журналистлар, ноширлар, олий таълим даргоҳларининг журналистика йўналиши профессор-ўқитувчилари, фахрий ижодкорлар, ёш қаламкашлар таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари, Президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

Маълумки, ижодкор зиёлилар, айниқса, оммавий ахборот воситалари ходимларининг заҳматли ва фидокорона меҳнати давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келган, юксак қадр ва рағбат билан доим эътироф этилган. Давлатимиз раҳбарининг “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра бу йил ҳам медиа тузилмалар, нашриётлар, ахборот-ресурс марказларида фаолият кўрсатаётган фаол ва фидойи соҳа вакилларининг бир гуруҳи Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллар билан тақдирланди. Уларга мазкур мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ва Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов тантанали тарзда топширдилар.

Тантанали тадбирда мамлакатимизда бугунги кунда кечаётган шиддатли ўзгаришлар масс-медиа соҳасида ҳам ўзининг яққол ифодасини топаётганини таъкидлади. Оммавий ахборот воситалари фаолиятига доир қонунчилик муттасил такомиллашмоқда. Медиа тузилмаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, таҳририятлар фаолиятини шиддатли замон руҳига монанд тарзда такомиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Буларнинг бари медиа тузилмалар фаолиятида ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Оммавий ахборот воситаларининг ростмана эркин ва самарали фаолият юритиши йўлида кўрсатилаётган эътибор бугун илгари мисли кўрилмаган қамров ва мазмун касб этди, десак муболаға бўлмайди. Бу эса оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилаётган медиа-материалларнинг тезкорлиги, таҳлилий, танқидий, мулоҳазакор руҳда экани, одамларнинг дарду ташвишлари журналистлар томонидан тайёрланаётган материалларда устувор ва асосий мавзуга айланиб улгургани муҳим омил бўлмоқда.

Бугунги кунда барча турдаги оммавий ахборот воситалари каби медиа тузилмаларнинг замонавий шакллари, веб-сайтлар, нодавлат электрон оммавий ахборот воситалари, янгидан-янги телерадиоканаллар ташкил этилиб, улар шиддат билан ривожланиб бормоқда. Барча вазирлик ва идоралар, компаниялар, тузилмалар таркибида матбуот хизматларининг фаолияти кенг йўлга қўйилган.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, қонун устуворлигига таяниш, маънавий тараққиётни таъминлаш, Бош Қомусимизда акс этаётган ўзгартишларнинг моҳиятини ёритишда журналистларнинг янада фаол бўлмоғи зарурлигини англатмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 июнда қабул қилган “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бундай имкониятлар медиа соҳа вакилларидан мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида ҳар қачонгидан ҳам фаол, холис ва ҳалол бўлишни талаб этмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Самарқанд вилояти «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси фахрийси, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси Раъно Жўраева, «Ishonch-Доверие» газетаси масъул котиби, «Дўстлик» ордени соҳибаси Валентина Марценяк ва бошқалар журналистларга кўрсатилаётган улкан эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдирдилар.

– Давлатимиз раҳбарининг бугун эълон қилган қарори чин маънода тарихий қарор бўлди, – деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров. – Булар медиа тузилмаларни моддий-техника базасини янада яхшилаш, кадрларнинг хорижда тажриба салоҳиятини ошириш, устоз журналистларни ёшларга кўмак кўрсатиши каби жиҳатларни қамраб олади. Қарор билан уюшма ўз биносига эга бўлди. Шунингдек, энг яхши 100 тагача мақолаларни аниқлаш, уларнинг муаллифларини рағбатлантириш имкони пайдо бўлди. Буларнинг бари миллий журналистикамизни янада ривожлантириш, ижодкорлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда янги имкониятларни очади.

– Президентимизнинг камтарона меҳнатларимни юксак эъзозлагани, эътибор ва рағбат кўрсатганидан беҳад мамнунман, – деди «Янги Ўзбекистон» газетаси таҳририятининг ижтимоий-сиёсий ҳаёт ва ҳуқуқ бўлими мудири Улуғбек Асроров. – Бундай ғамхўрлик халқимиз, Ватанимиз, касбимизга янада катта садоқат ва фидойилик билан хизмат қилишга ундайди.

Тадбирда санъат усталари ва ижрочи-ёшлар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.

Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири