Тошкентда 30 май куни Ўзбекистон ва Тожикистон ишбилармон доиралари вакиллари В2В шаклида музокара ўтказди.
Мамлакатимиздан 400 га яқин, Тожикистон Республикасининг 150 дан зиёд бизнес субъекти иштирок этган тадбирда асосий эътибор ўзаро узоқ муддатли ва самарали ҳамкорлик ўрнатишга қаратилди.
Икки томонлама савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболи, шунингдек, тадбиркорлар учун қўшимча имконият яратиш тизимини мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар диққат марказида бўлди.
Маълумки, Ўзбекистон ва Тожикистон ўзаро савдо-иқтисодий алоқани янада ривожлантириш, замон талабига мос саноат маҳсулотларини икки давлат бозорига мунтазам етказиб бериш, бунинг учун тадбиркорларга қулай шарт-шароит яратиш тарафдори. Қолаверса, икки мамлакат ҳукуматлари иқтисодиётнинг устувор тармоқларида ўзаро манфаатли лойиҳа ва дастурлар амалга ошириш орқали сармоявий ҳамкорликни тубдан ривожлантиришга ҳам урғу бермоқда.
Тадбирда мамлакатимиз иқтисодиётида хусусий секторнинг ролини ошириш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар хусусида сўз юритилди. Инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, хусусий мулк ва чет эл капиталини ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизми кучайтирилаётгани қайд этилди. Ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳар бир минтақа, туман ва шаҳарда фойдаланилмаган иқтисодий захира аниқланаётгани, солиқ юкини камайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар фаол ишлаб чиқилаётгани таъкидланди.
Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги истиқболли йўналишлар бўйича ҳам батафсил маълумот берилди. Хусусан, икки мамлакат тадбиркорлари шериклигини йўлга қўйишда, айниқса, саноат сектори, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари устувор йўналишлар экани айтиб ўтилди. Бундан ташқари, иштирокчилар хорижий инвестиция жалб қилиш, чет эл капитали иштирокидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш механизмлари ҳақида фикр алмашдилар.
Анжуман доирасида Ўзбекистон – Тожикистон Ишбилармонлар кенгашининг бешинчи йиғилиши ҳам ташкил этилди.
Мулоқот давомида давлатларимиз нафақат икки томонлама муносабатни кенгайтириш, балки Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар фаровонлиги, барқарор ривожланишини таъминлашда бир-бирига мос манфаатга эга экани эътироф этилди.
Тадбир якунида Ўзбекистон – Тожикистон Ишбилармонлар кенгаши бешинчи йиғилиши баённомаси имзоланди. Мазкур ҳужжат савдо-саноат палаталари томонидан жойларда ўтказилаётган тадбирларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари иштирокини янада кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни назарда тутади.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА мухбири