Тошкент шаҳрида 27 май куни Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасида ШҲТга аъзо давлатлар атроф-муҳит масалалари бўйича масъул вазирлик, идоралари раҳбарларининг учинчи йиғилиши бошланди.
Дастлаб делегация раҳбарлари Давлат экология қўмитаси ҳудудидаги хиёбонга ўзаро ҳамкорлик ва дўстлик рамзи сифатида дарахт кўчатлари ўтқазди.
“International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида гибрид форматда ташкил этилган анжуманнинг асосий тадбирида Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва мамлакатимиз атроф-муҳит масалалари бўйича масъул вазирлик, идоралари мутасаддилари ҳамда ШҲТ Котибияти вакиллари иштирок этди.
Делегациялар раҳбарлари ўзаро мулоқот доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболи юзасидан тақдимот ўтказди.
Давра суҳбати иқлим ўзгариши ва бошқа ҳолатлар билан боғлиқ экологик масалалар хусусидаги турли фикр-мулоҳоза, таклифлар билан давом этар экан, мавжуд муаммоларни ҳал этиш глобал, минтақавий ва миллий миқёсда комплекс саъй-ҳаракатларни талаб этиши таъкидланди. Экологик хавф-хатар тобора кескин тус олаётган бир даврда бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ШҲТга аъзо давлатлар учун алоҳида аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Шу сабабли кейинги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорликни институционаллаштириш йўлида ШҲТ доирасида қатор муҳим ишлар амалга оширилаётганига урғу берилди.
– Бугунги кунда иқлим ўзгариши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг йўқолиши, ер таназзули кузатилиши, сув ресурслари камайиши каби глобал экологик муаммолар кўплаб мамлакатлар учун жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда, – деди Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги Атроф-муҳитни тартибга солиш ва назорат қилиш қўмитаси раиси Зулфухар Жолдасов. – Шу муносабат билан Тошкент учрашувида атроф-муҳит мониторинги, биохилма-хиллик, табиий ҳудудларни асраш, иқлим ўзгариши оқибатини бартараф этиш каби долзарб йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш муҳокама қилинаётгани айни муддао.
Йиғилишда томонлар 2021 йил 17 сентябрь куни Душанбе шаҳрида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида тасдиқланган “ШҲТга аъзо давлатларнинг 2022-2024 йилларга мўлжалланган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси”ни амалга ошириш юзасидан ҳам фикр алмашди.
Куннинг биринчи ярмида “ШҲТнинг экологик ахборот алмашинуви учун ягона платформасини биргаликда яратиш дастури” қабул қилинди.
Тадбир сўнгида ташкилотга аъзо давлатлар атроф-муҳит масалалари бўйича масъул вазирлик, идоралари раҳбарларининг 2023 йилда ўтказиладиган тўртинчи йиғилиши Ҳиндистонда ўтиши маълум қилинди.
Анжуман дастурига кўра, иштирокчилар Инновацион ривожланиш вазирлигида бўлди, Янги Ўзбекистон боғи билан яқиндан танишди.
ШҲТга аъзо давлатлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун масъул мутасаддиларнинг Тошкент учрашуви мамлакатимиз олиб бораётган фаол экологик дипломатиянинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди, дейиш мумкин.
Улуғбек МАҲМИРЗАЕВ, ЎзА мухбири