Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Жавлон Нурматов иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда чет тилини билиш бўйича малака сертификатига эга шахсларга берилган имтиёзлар тўғрисида маълум қилди.

Қайд этилишича, камида В2 даражадаги сертификатга эга шахсларга олийгоҳларга кириш имтиҳонларида чет тили бўйича максимал балл берилади. Шунингдек, чет тили фани ўқитувчиларига уларнинг малака сертификати С1 даражасида бўлса, 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама тўланмоқда. Бундан ташқари, камида С1 даражадаги сертификатга эга чет тили фани ўқитувчилари навбатдаги аттестациядан озод этилади.

Малака сертификатига эга давлат бошқарув идоралари ходимларига 20 фоизгача миқдорда қўшимча ҳар ойлик устама тўланади. Чет тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонлари ҳар ойда барча ҳудудларда ўтказилади. Тўлови – 364 минг 500 сўм.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2022 йил бошидан ҳозирга қадар 14 минг 574 нафар талабгорнинг чет тилини билиш даражаси аниқланди. Мазкур тест синовларида талабгорларнинг ёзма ишларини текшириш ва гапириш кўникмаларини баҳолаш учун 14 та тил бўйича 200 дан зиёд экспертлар жалб этилмоқда.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА