Боксчиларимиз халқаро турнирда шоҳсупага кўтарилди

Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бокс бўйича ўтказилган халқаро турнирда ёш спортчиларимиз муваффақиятли иштирок этди.

Мусобақада Ўзбекистон, Қирғизистон, Россия,Қозоғистон,Тожикистон каби давлатдан келган 200 нафарга яқин боксчилар ғолиблик учун куч синашди.
Мусобақада мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Фозилжон Абдумуродов мезбон боксчиси Турат Осмоновни, Фазлиддин Мелибоев қирғизистонлик Эрмек Сакеновни, Обиджон Тоҳиров ҳам яна бир қирғизистонлик Шаймуҳаммад Ҳакимовни мағлубиятга учратиб, ўз вазн тоифаларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Финалга қадар барча жангларда зафар қучган Нодиржон Мирзаҳмедов кумуш медалга сазовор бўлган бўлса, Ойбек Жўраев ва Баҳром Фозилов терма жамоамизга бронза медалларини келтирди.
Шу тариқа турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учта олтин, битта кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА