Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани «Қараой» овул фуқаролар йиғини ҳудудида масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Agro kompleks Karakalpakstan» Ўзбекистон – Америка қўшма корхонаси қурилиши бошланди.
Мажмуа лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан тасдиқланган. Умумий қиймати 3 миллион АҚШ долларидан иборат мазкур лойиҳага 700 минг доллар хорижий инвестиция киритилиши режалаштирилган.
Лойиҳа икки босқичдан иборат: 1-босқичда хориждан 700 бош наслли қорамол, 2-босқичда эса 2000 бош наслли қўй келтирилади.
Қўшма корхонага ажратилган 540,3 гектар ернинг 386,8 гектари экин майдони учун ажратилган.
Лойиҳа ишга тушгач, аҳолининг мева-сабзавот, гўшт, сут маҳсулотларига, шунингдек, чорванинг омихта емга бўлган талаби шу жойнинг ўзида қаноатлантирилади.
Жорий йил ноябрь-декабрь ойларида гидропоника техникаси асосида иссиқхоналар қуриш, буғдой, шоли ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш мақсадида хориждан замонавий ускуналар келтириш назарда тутилган.
Мажмуада қорамол, қўй, эчки боқиш ва туячиликни йўлга қўйиш режалаштирилган. Айни пайтда корхонада 20 киши доимий иш билан таъминланган бўлиб, мажмуа тўлиқ ишга тушгач, 100 дан ортиқ иш ўрни яратилади.