Ўзбекистон Республикасининг олтин-валюта захиралари тўғрисидаги маълумот

“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Марказий банкнинг асосий вазифаларидан бири сифатида республика олтин-валюта захираларини сақлаш ва бошқариш белгиланган, дейилади Марказий банк ахборотида.
Олтин-валюта захираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармасининг стандартлари асосида юритилади. Олтин-валюта захираларининг таркиби хорижий валюта активлари ва қуйма шаклидаги монетар олтиндан иборат.
Олтин-валюта захираларини самарали бошқариш мақсадида Марказий банк томонидан захираларнинг ялпи ва соф қийматлари ҳисоби юритилади.
Соф олтин-валюта захиралари тижорат банклари ва давлат бошқаруви органларининг (Молия вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бундан мустасно) Марказий банкда очилган ҳисоб варақларидаги валюта маблағларини, яъни Марказий банкнинг ушбу ташкилотлар олдидаги мажбуриятларини ҳисобга олмайди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг олтин-валюта захиралари 1 июль ҳолатига кўра 27105,6 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан сезиларли даражада кўпайган.
Марказий банк томонидан 1 июнь ҳолатига кўра тақдим этилган статистикада Ўзбекистон Республикасининг олтин-валюта захиралари миқдори 25837,3 млн. АҚШ долларини ташкил этган эди.

 

ЎзА