Ўзбекистонда АЭС қурилишига муносабат қандай?

Ўзбекистонда АЭС қурилишига муносабат қандай?

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати “Ижтимоий фикр“ республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ўзбекистон фуқаролари атом электр станциясини қуриш ҳақида“ ўтказилган тадқиқот натижаларини маълум қилди.
Турли соҳа ва тармоқларда фаолият кўрсатаётган ижтимоий гуруҳлар вакиллари ўртасида ўтказилган мазкур тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, респондентларнинг ярмидан кўпи (69,5%) атом энергияси ҳақида етарлича маълумотга эга. Шу билан бирга, улар энергетикага бўлган эҳтиёжларни қондириш ва газ каби табиий ресурсларни тежашда тинч атомни қўллаш муҳимлигини таъкидлаган.
Шунингдек, унда АЭС қуриш ғоясига эҳтимолий салбий муносабатда бўлиш сабаблари ҳам таҳлил қилинган. Одатда бу борада ядро энергиясининг атроф-муҳитга кўрсатадиган зарарли таъсири ҳақида фикр юритилади.
Ушбу масалада респондентларнинг қарийб 30 фоизи бундай фактлар ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигини таъкидлаган бўлса, 20 фоизга яқини эса бу борада ўз нуқтаи назарига эга эканлигини тасдиқлаган.
Сўровда уларнинг аксарияти замонавий атом электр станциялари электр энергияси билан ишончли тарзда таъминлаш баробарида табиатга зарар етказмаслигини билдирган.
Яна бир муҳим жиҳат, мамлакатимиз фуқаролари Ўзбекистонда уран қазиб олинишидан хабардорлиги, бу эса АЭСнинг барқарор ишлаши учун муҳим эканлигини маълум қилган.
Шундай қилиб, сўров натижасидан мамлакатимиз фуқаролари биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича қарорни қўллаб-қувватлаши маълум бўлди.
Аҳамиятлиси шундаки, респондентларнинг 83 фоизи “Мен Ўзбекистонда қуриладиган биринчи АЭС билан фахрланаман“ ва 85,6 фоизи “Мен АЭС фаолиятини қўллаб-қувватлайман“, деган фикрга қўшилган.
Ҳар иккинчи респондент (55,7%) иншоот қурилишида ёки АЭСнинг ўзида ишлашга хоҳиши бор экан. Бу истак, айниқса, ёшлар томонидан кўпроқ (71,6%) билдирилган.

 

ЎзА

  11.07.2019, 14:45  |    228 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!