Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Кейинги йилларда Ўзбекистонинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди. Мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрўсини янада ошириш ва мустаҳкамлашда, икки ва кўп томонлама ҳамкорликларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришда ЮНЕСКО муҳим платформа вазифасини ўтаб келмоқда.

Бунинг натижасида 2017-2023 йилларда миллий маданий меросимизнинг 14 та ноёб намунаси ЮНЕСКОнинг рўйхатларидан жой олиб, инсоният мероси сифатида халқаро миқёсда эътироф этилди. Бухоро шаҳри Ижодкор шаҳарлар тармоғига киритилди. 2023 йил сентябрь ойида ЮНЕСКО Бош қароргоҳида буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги кенг нишонланди.

Айниқса, 2023 йил 7-22 ноябрь кунлари Париж шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 42-сессияси якунида Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини (кейинги ўринларда – Сессия) 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси бир овоздан қўллаб-қувватлангани жаҳон ҳамжамияти томонидан муҳим воқеа сифатида эътироф этилди.

Ушбу нуфузли халқаро анжуманни юқори даражада ўтказишга ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўриш, шунингдек, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсадида:

1. 2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) тузилсин ҳамда унинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ташкилий қўмита (А.Н. Арипов):

Сессияни ўтказиш билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни ҳал қилиб борсин, шунингдек, ахборот-таҳлилий ва бошқа ҳужжатларнинг ўз вақтида ва сифатли тайёрланишини таъминласин;

Сессиянинг Самарқанд шаҳрида ўтказилишининг аҳамияти ҳақида юқори сифатли медиа маҳсулотлар ҳамда аудиовизуал асарлар яратиб, уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эфирга бериб бориш, ижтимоий тармоқларга жойлаштириш, хештег ва челленж каби усулларни қўллаш орқали кенг тарғиб қилиш чораларини кўрсин;

Сессиянинг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши муносабати билан “Самарқанд – жаҳон тамаддунлари чорраҳасида” китоб-альбомни ўзбек, рус, инглиз ва француз тилларида чоп этиш, почта маркалари ва конвертлар туркумини яратиш, тақвимлар ва кўргазмали тарғибот воситалариэсдалик тангалари, кумуш ва олтин тангаларнинг муомалага чиқарилишини ташкил қилсин;

Сессия доирасида Самарқанд шаҳрида тадбирлар ўтказиладиган жойларни замонавий техник ва телекоммуникация ускуналари билан жиҳозласин ҳамда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги объектлар ва зарур бўлган меҳмонхона фондини тайёрласин;

Сессия доирасида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида маданий тадбирлар, экскурсиялар ва қабулларни юқори савияда ташкил этсин;

Сессия иштирокчиларининг келиши ва кетиши, уларга виза расмийлаштириш, транспорт ва тиббий хизматлар кўрсатиш масалалари самарали ҳал қилинишини мувофиқлаштирсин.

3. Сессия “Silk Road Samarkand” сайёҳлик мажмуасида ўтказилсин.

4. Сессияга тайёргарлик доирасида:

Маданий мерос агентлиги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда – Самарқанд шаҳридаги тегишли маданий мерос объектларини асрашга доир ишларни ҳамда иммерсив ва мавзули кўргазмаларни ташкил этсин;

Ташқи ишлар вазирлиги – ЮНЕСКО Бош директори номига Ўзбекистон Республикасининг Маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот марказига аъзо бўлиши учун расмий ариза топширсин;

ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия – Ўзбекистондаги шаҳарлар, ноёб маданий ва табиий мерос объектларини тегишлича ЮНЕСКОнинг Ижодкор шаҳарлар ҳамда Таълимни тарғиб этувчи шаҳарлар тармоқларига, шунингдек, халқаро рўйхатларига киритиш чораларини кўрсин;

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси – ЮНЕСКО мезонлари асосида ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда Самарқанд шаҳрида Буюк ипак йўли давлат музейини ташкил этиш, соҳибқирон Амир Темур боғларини қайта тиклаш, Бибихоним мажмуасини реставрация қилиш, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро тарихий марказини муҳофаза қилишга қаратилган унинг мастер ва менежмент режаларини ишлаб чиқиш бўйича тегишли қарорлар лойиҳаларини белгиланган тартибда киритсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тегишли вазирлик ва идоралар Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда – Сессиянинг мамлакатимизда ўтказилишининг аҳамиятини, шунингдек, Ўзбекистон жаҳон сиёсатининг марказларидан бирига, глобал ташаббуслар муаллифига айланиб бораётганини атрофлича очиб беришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этсин.

5. Қуйидагилар:

2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ;

2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш доирасида хорижий давлатларда тарғибот ишларини ташкил этадиган Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва олий таълим муассасалари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ташкилий қўмита, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар ушбу қарорга мувофиқ давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихи, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий мероси ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда улар билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш чора-тадбирларини белгиланган тартибда амалга оширсин.

6. Белгилансинки:

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Ташкилий қўмитанинг Ишчи органи (кейинги ўринларда – Ишчи орган) ҳисобланади;

“ИнтерФорум” давлат унитар корхонаси Сессияни ташкил этишга тайёргарлик кўриш бўйича Бош оператор ҳисобланади;

вазирликлар ва идораларнинг биринчи раҳбарлари ушбу қарорда назарда тутилган топшириқлар, шунингдек, Ташкилий қўмита ҳамда Ишчи органнинг бошқа тезкор кўрсатмалари ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

7. Ташқи ишлар вазирлиги Сессия иштирокчилари учун Ишчи органнинг виза талабномаларига биноан кириш визаларини консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирмасдан, зарур ҳолларда “Тошкент” ва “Самарқанд” халқаро аэропортларида расмийлаштиришни таъминласин.

8. 2024 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналарининг умумий штат бирликлари сонини ўзгартирган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг ЮНEСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси (кейинги ўринларда – Доимий ваколатхона) штатлар жадвалига маслаҳатчи ва иккинчи котиб иккита қўшимча штат бирлиги киритилсин, шунингдек, Доимий ваколатхонага қўшимча битта транспорт воситасини сақлашга лимит ажратилсин.

9. Ташқи ишлар вазирлиги Доимий ваколатхонани сақлаш харажатларини унинг ташкилий-штат тузилмасидаги ўзгаришларни ва қўшимча битта транспорт воситасини сақлашга лимит ажратилганини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йилга мўлжалланган Давлат бюджети параметрларида Ташқи ишлар вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштиришни таъминласин.

10. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Сессиянинг мамлакатимизда ўтказилишининг аҳамияти ҳамда ушбу қарор доирасида амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича (ЮНЕСКО) доимий ваколатхонаси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3957-сон қарорига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул этиб ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси раиси Г.О.Умерова ва ташқи ишлар вазири Б.О.Саидов белгилансин.

Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари О.Қ.Абдурахмонов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                                                                                                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 

2024 йил 15 март