Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатимизда футболнинг оммавийлигини янада ошириш, истиқболли ва иқтидорли футболчиларни танлаш ҳамда профессионал даражада тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш, тренер ва ҳакамларни халқаро талаблар асосида тайёрлаш ва маҳоратини юксалтириш, футбол инфратузилмасини яхшилаш ҳамда ўрнатилган стандартларга мослаштириш мақсадида:

1. Қуйидагилар футболни янада оммалаштириш ва ривожлантиришнинг қўшимча йўналишлари этиб белгилансин:

Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFA)нинг аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида футболни янада оммалаштиришга қаратилган махсус дастурлари асосида ҳар йили маҳалла ёшлари ўртасида, жумладан, мактабгача таълим ташкилотларида “Оммавий футбол” (Grassroots) фестиваль ва мусобақалари, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Мактабларда футбол”, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Талабалар лигаси” республика мусобақаларини ўтказиш;

ёшларнинг футболга қизиқишини ошириш, бу борадаги тарғибот ишларини янада кучайтириш, уларнинг футбол билан шуғулланиши учун етарли шарт-шароитларни яратиш;

аёллар ўртасида футболни ривожлантириш, бу борада узоқ йилларга мўлжалланган истиқболли режа ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг футбол билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда улар ўртасида мунтазам мусобақалар ташкил этиш;

терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини яратиш, иқтидорли футболчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция)нинг рақамлаштирилган тизимини жорий қилиш;

футбол инфратузилмасини моддий-техник жиҳатдан янада яхшилаш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш;

футбол бўйича малакали тренерлар, ҳакамлар ва мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш;

ҳудудларда футбол клублари, болалар ва ўсмирлар, оммавий футболни ривожлантириш мақсадида чет эллик мутахассисларни жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш;

оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда футболни тарғиб қилиш ҳамда бу жараёнда юқори даражали ахборот ва мультимедиа маҳсулотларидан фойдаланишни янада кенгайтириш.

2. Белгилаб қўйилсинки:

а) ҳар йили Ўзбекистон футбол ассоциацияси маблағлари ҳисобидан:

март-июнь ойларида маҳалла ёшлари ҳамда қизлари ўртасида “Оммавий футбол” дастури доирасида футбол фестиваллари;

10 декабрь – Бутунжаҳон футбол куни муносабати билан аҳоли ўртасида оммавий “флешмоб” тадбирлари;

сентябрь-май ойларида умумий ўрта таълим мактабларида“Мактабларда футбол” дастури доирасида футбол мусобақалари, маҳорат сабоқлари ва фестиваллари ўтказиб борилади;

б) ҳар йили сентябрь-май ойларида олий таълим муассасаларида Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган “Талабалар лигаси” дастури доирасида уч босқичли республика футбол мусобақалари ўтказилади.

3. Ўзбекистон футбол ассоциацияси (А.Азизов) Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Ҳ.Умарова) ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (И.Абдурахмонов) билан биргаликда бир ой муддатда:

“Оммавий футбол”“Мактабларда футбол” ва “Талабалар лигаси” дастурлари доирасида футбол тадбирларини ўтказишнинг ягона тартибини тасдиқласин;

ушбу мусобақалар ва турнирларга пухта тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини қабул қилсин;

мазкур мусобақалар ва турнирларни ўтказиш жараёни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа коммуникация манбаларида кенг ёритилишини таъминласин.

4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (И.Абдурахмонов) Ўзбекистон футбол ассоциацияси (А.Азизов) билан биргаликда икки ой муддатда:

давлат олий таълим муассасаларида уларнинг моддий-техника базасидан келиб чиқиб, футбол бўйича доимий фаолият юритувчи секциялар фаолиятини йўлга қўйсин;

давлат олий таълим муассасаларидаги мавжуд спорт  иншоотлари ва футбол майдонларининг доимий фаолият кўрсатишини таъминлаш чораларини кўрсин;

ҳар бир давлат олий таълим муассасасининг футбол ва футзал бўйича жамоаларини шакллантирсин ҳамда уларнинг “Талабалар лигаси” дастури доирасида ўтказиладиган республика мусобақаларида тўлиқ иштирок этишини таъминласин;

олий таълим муассасалари рейтингини аниқлашда мазкур банд талаблари инобатга олинишини назарда тутсин.

5. Қуйидагилар: 

футбол бўйича ҳудудий ва миллий терма жамоалар ҳамда профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини яратиш мақсадида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимидаги футбол маҳорат мактаблари амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда Ўзбекистонфутбол ассоциацияси тасарруфига ўтказилсин ва улар футбол академиялари сифатида қайта ташкил этилсин;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги футбол мактаблари (кейинги ўринларда – футбол мактаблари) ташкил қилинсин;

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимидаги айрим спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактабларининг футбол майдонлари футбол мактаблари балансига ўтказилсин;

мослаштирилган биноларда жойлаштирилган, паст самарали футбол мактабларини оптималлаштириш ҳисобига уларнинг мол-мулки, спорт анжомлари ва тренер кадрлари футбол мактаблари моддий-техника ва ўқув базасини мустаҳкамлашга йўналтирилсин.

6. Белгилансинки:

футбол мактаблари спорт йўналишидаги мактабдан ташқари спорт-таълим муассасаси ҳисобланади;

футбол мактаблари директорлари, директорларнинг спорт ишлари бўйича ўринбосарлари, тренерлари меҳнатига ҳақ тўлаш, шунингдек,  уларнинг меҳнатини рағбатлантиришга спорт мактаблари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантиришда белгиланган шароитлар татбиқ этилади;

футбол мактаблари тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги “Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 276-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади, шунингдек, уларни моддий рағбатлантиришда спорт мактаблари учун белгиланган моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади;

келгуси йилларда футбол мактаблари профессионал футбол клубларига босқичма-босқич бириктирилади.

7. Қуйидагилар:

а) футбол мактабларининг асосий вазифалариэтиб белгилансин:

юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни саралаб олиш (селекция) тизимини йўлга қўйиш, болалар ва ўсмирларни футбол билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш;

болалар ва ўсмирлар ўртасида уларнинг соғлиғини мустаҳкамлашга, ҳар томонлама жисмоний камол топишига ва соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантиришга йўналтирилган спорт ва тарбиявий ишлар олиб бориш;

болалар ва ўсмирларда футбол билан шуғулланиш қобилиятини эрта аниқлаш ва уларда футболга бўлган барқарор қизиқишни ривожлантириш;

футбол машғулотларини ўтказиш учун малакали тренерлар таркибини танлаш, ўқув-тарбия тизимини ташкил этишнинг энг янги усулларини қўллаган ҳолда спорт захираси ва юқори маҳоратли футболчилар тайёрлаш юзасидан ўқув-машқ жараёнини йўлга қўйиш;

барча ёш тоифалари бўйича футбол академиялари ва клубларига маҳоратли спортчиларни етказиб бериш;

тажриба алмашиш мақсадида турли футбол ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, футболчиларнинг спорт маҳоратини, шунингдек, тренерлар ва бошқа мутахассисларнинг касб малакасини ошириш;

б) футбол мактабларини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари маблағлари;

фаолият ихтисослиги бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан ва мактабнинг уставидаги вазифаларга мувофиқ бўлган бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

асосий машғулотлар ўтказилмайдиган вақтда бўш турган мол-мулкни ижарага беришдан тушган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

8. Ўзбекистон футбол ассоциацияси (А.Азизов):

а) уч ой муддатда:

футбол мактаблари ва футбол академияларининг уставини тасдиқлаш, шунингдек, уларни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш;

футбол мактаблари ва футбол академияларини замонавий педагогик технологияларни эгаллаган малакали тренерлар ҳамда педагог кадрлар билан босқичма-босқич тўлдириш чораларини кўрсин;

б) Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси билан биргаликда футбол мактаблари ва футбол академияларида спортчиларни тайёрлаш сифати юзасидан доимий назоратни амалга оширсин;

в) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда футбол мактаблари ва футбол академияларининг бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг штат жадвалини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

г) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчиларини футбол мактаблари ва футбол академияларида шуғулланиш учун жалб этиш чораларини кўрсин.

9. Ўзбекистон футбол ассоциацияси (А.Азизов) Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов) билан биргаликда уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги футбол академиялари ҳамда футбол мактабларининг бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларини қўшимча моддий рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасини Ҳукуматга киритсин.

10. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг 2023 йил 1 июлдан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқуллансин:

нодавлат футбол мактаблари ва футболни ривожлантириш соҳасида фаолият юритаётган бошқа нодавлат ташкилотлар (нодавлат футбол муассасалари) учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси аъзоси бўлиши талаби ўрнатилади;

Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан нодавлат футбол муассасаларининг рейтинги юритилади ҳамда рейтинг натижалари кенг жамоатчиликка эълон қилиб борилади.

11. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов) ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси (А.Азизов) қуйидагиларни амалга оширсин:

ХорватияЯпония ва бошқа давлатларнинг тажрибасини малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўзбек футболига татбиқ этиш. Бунда, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда ҳудудий болалар-ўсмирлар футбол академияларининг “техник директор” лавозимига хорижий давлатларнинг тажрибаси ва тизимини жорий қилиш бўйича малакали мутахассисларни жалб қилиш;

Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFA), Осиё футбол конфедерацияси талабларига мувофиқ футбол учрашувларида адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида VAR (Video Assistant Referee, видео ёрдамчи ҳакам) тизимидан фойдаланишни янада кенгайтириш;

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги Футбол бўйича мутахассисларни тайёрлаш марказида футбол бўйича “футбол таҳлилчиси”, “футбол селекционери” (скаут), “футбол менежери”, “футбол маркетологи”, “футбол шифокори”, “футбол психологи”, “спорт фармакологи”, “спорт диетологи” каби мутахассисларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйсин.

12. Белгилаб қўйилсинки:

спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактабларининг футбол бўйича тренерларига босқичма-босқич Осиё футбол конфедерациясининг тренерлар таълими бўйича талаблари жорий этилади;

Ўзбекистон футбол ассоциацияси спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактабларининг футбол гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда иқтидорли футболчиларни селекция қилиш орқали уларни кейинги босқичдаги футбол мактаблари ва академияларига йўналтириб бориш юзасидан доимий мониторинг ўрнатсин.

13. “Ўзметкомбинат” АЖ (Р.Пирматов), “Олмалиқ КМК” АЖ (А.Хурсанов), “Навоий КМК” АЖ (Қ.Санақулов) ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ (Б.Сидиқов)ларнинг футболни ривожлантиришга ҳомийлик хайрия ёрдамини кўрсатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Вазирлар Маҳкамаси (А.Н. Арипов):

бир ой муддатда футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси ва Пролигасининг профессионал футбол клубларини ҳомий ташкилотларга бириктирсин;

Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг 2024 йил Париж шаҳри (Франция) ва 2028 йил Лос-Анджелес шаҳри (АҚШ)да бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги “OLYMPIC Профессионал футбол клуби”ни қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаб борсин.

Бунда, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ва профессионал футбол клубларининг фаолиятини молиялаштиришга юридик шахслар томонидан йўналтириладиган ҳомийлик ва хайрия ёрдами шаклидаги маблағлар суммаси фойда солиғини ҳисоблашда солиқ солинадиган фойдадан чегириб ташланади.

14. Ўзбекистон футбол ассоциацияси (А.Азизов) Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш.Кудбиев), Давлат активларини бошқариш агентлиги (А.Ортиқов) билан биргаликда уч ой муддатда  Ўзбекистон Суперлигаси ва Пролигасининг профессионал футбол клубларига ҳомийлик ва хайрия кўрсатган, шунингдек, оммавий савдоларга қўйилган футбол клубларини сотиб олган инвесторларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга қўшимча енгилликлар яратиш юзасидан таклифларни киритсин.

15. 2026 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази, профессионал футбол клублари ва академиялари белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатга асосан футбол бўйича спорт объектларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун зарур бўлганЎзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари ва технологиялари, инвентарлари, трансляция қилиш билан боғлиқ барча асбоб-ускуналар ва техникалар, фармакология маҳсулотлари, спорт озуқалари, футбол (футзал) майдонлари учун сунъий ўтлар, шокпад, гранулалар, махсус елим ва махсус профессионал спорт кийимлари, махсус техника ва транспорт воситаларини олиб кирганлик учун божхона божини тўлашдан озод қилинсин.

16. Устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган профессионал футбол клубларига спорт асбоб-ускуналари, инвентарлари, фармакология маҳсулотлари, спорт озуқалари, футбол (футзал) майдонлари учун сунъий ўтлар, шокпад, гранулалар, махсус елим, махсус профессионал спорт кийимларини, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри шартнома асосида харид қилишга рухсат берилсин.

17. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин.

18. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг манбалари этиб белгилансин:

Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

“Ўзметкомбинат” АЖ, “Олмалиқ КМК” АЖ, “Навоий КМК” АЖ ва “Ўзбекнефтгаз” АЖларнинг ҳомийлик маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

19. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш.Кудбиев) 2023 йилдан бошлаб ҳар йили Жамғармани қўллаб-қувватлаш учун Давлат бюджетидан 25 миллиард сўм йўналтирсин.

20. Белгилансинки, Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга сарфланади:

оммавий ва профессионал футболни ривожлантириш, замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар харид қилиш;

футбол мутахассисларини илғор ўқитиш методикалари ва инновацияларга ўргатиш тизимини йўлга қўйиш харажатларини қоплаш, шу жумладан, хориждан жалб этилган мутахассисларни рағбатлантириш;

замонавий футбол технологияларини харид қилиш ва жорий этиш;

футбол бўйича маҳаллий мутахассисларнинг тажрибасини хорижий мамлакатларда ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

алоҳида намуна кўрсатган терма жамоаларни моддий рағбатлантириш, иқтидорли ёшларни футболга жалб этиш, янги футболчилар авлодининг ишончли захирасини шакллантириш;

Ўзбекистон футболчилари, тренерлар ва ҳакамлар таркибининг профессионал маҳоратини оширишда чет эл футбол клублари ва федерациялари билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

юқори маҳоратли футболчилар ва спорт захирасини тайёрлашнинг самарали методларини ишлаб чиқиш бўйича илмий-методик тадқиқотлар ўтказишда кўмаклашиш.

21. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов) Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш.Шерматов), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш.Кудбиев), Адлия вазирлиги (А.Тошқулов), Ўзбекистон футбол ассоциацияси (А.Азизов) билан биргаликда махсус ишчи гуруҳни ташкил қилган ҳолда 2023 йил якунига қадар илғор хориж тажрибаси асосида футболни молиялаштириш тизимини кенгайтиришда букмекерлик фаолиятини амалга ошириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

22. Ўзбекистон футбол ассоциацияси (А.Азизов) Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов) билан биргаликда 2023 йил якунига қадар:

республика ҳудудларидаги барча турдаги давлат ва нодавлат таълим муассасалари, клубларида футбол билан шуғулланаётган, шунингдек, туман (шаҳар), вилоят ва республика спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига киритилган мусобақаларда қатнашувчи футболчилар тўғрисидаги ягона маълумотлар базасини шакллантирсин ва унинг Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFA)нинг FIFA-CONNECTплатформасига интеграция қилинишини таъминласин;

жойларда футбол билан шуғулланаётган, шунингдек, мусобақаларда қатнашувчи барча футболчилар тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ рақамлаштирсин ва ягона маълумотлар базасини яратсин.

Бунда, ягона маълумотлар базасини яратиш, ишга тушириш ва кейинчалик техник қўллаб-қувватлаш Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

23. Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш.Шерматов) уч ой муддатда Ўзбекистон футбол ассоциацияси мурожаатига асосан футбол бўйича Суперлига, Пролига ва Ўзбекистон кубоги мусобақалари ўтказиладиган ўйингоҳларни Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази билан боғлайдиган оптик толали алоқа линиялари билан таъминласин.

24. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (И.Абдурахмонов), Ўзбекистон футбол ассоциацияси (А.Азизов), Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан биргаликда:

а) 2023/2024 ўқув йилига қадар халқаро тажриба асосида Ўзбекистонда футболчиларни тайёрлаш моделини ишлаб чиқсин;

б) 2023 йилдан бошлаб ҳар йили:

футбол соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг олимлари, мутахассислари иштирокида семинар-тренинглар, шунингдек, илмий-амалий конференциялар ва анжуманлар ўтказиш чораларини кўрсин;

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг футбол йўналиши бўйича талабалари битирув олди амалиётини ҳудудий футбол академиялари ва профессионал футбол клубларида ташкил этсин;

Миллий ва хорижий профессионал футбол клублари мутахассисларини Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг футбол бўйича дарс жараёнларига жалб қилсин.

25. Қуйидагилар:

Ўзбекистон футбол ассоциацияси тасарруфидаги спорт-таълим муассасалари ва иншоотларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашнинг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги футбол мактаблари рўйхати 2-иловага мувофиқ;

Профессионал футбол клублари ҳузуридаги фаолияти мақбуллаштирилаётган футбол мактаблари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

26. Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туманида жойлашган “Дўстлик” стадионида Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFA) томонидан 2022–2023 йилларда 4 та замонавий футбол майдони қуриш учун 4,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Тошкент вилояти ҳокимлигининг 2023–2024 йилларда Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туманида жойлашган “Дўстлик” стадиони ҳудудида футбол бўйича барча ёш тоифасидаги терма жамоалар шуғулланиши учун бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Терма жамоалар марказини қуриш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Бунда, Терма жамоалар марказида 280 ўринли замонавий меҳмонхона, мини-футбол учун ёпиқ спорт манежи, илмий-тадқиқот, тиббиёт ва реабилитация маркази, сузиш ҳавзаси, ошхона бинолари қурилиши, шунингдек, ушбу биноларда Республика болалар-ўсмирлар футбол академияси жойлаштирилиши инобатга олинсин.

27. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Б.Закиров) мазкур қарор асосида қурилиши ва таъмирланиши кўзда тутилган иншоотларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда энг мақбул меъморий ҳамда техник ечимлар қўлланилишини, уларни инновацион технологияларга асосланган, энергия тежамкор ва тез барпо этиладиган енгил конструкция ва материаллардан қуриш, шинамлик ва экологик хавфсизлик талабларига мувофиқлик юзасидан лойиҳа-смета ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказишни таъминласин ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши устидан доимий давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.

Белгилансинки, мазкур қарор асосида қурилиши ва таъмирланиши кўзда тутилган иншоотларнинг лойиҳа ҳужжатлари Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан келишилади.

28. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш.Кудбиев) 2023–2024 йилларда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мазкур қарорнинг 1-иловаси билан тасдиқланган Ўзбекистон футбол ассоциацияси тасарруфидаги спорт-таълим муассасалари ва иншоотларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашнинг манзилли рўйхатига мувофиқ қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш учун зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.

29. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (Б.Мусаев) Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг талабномаларига кўра ўрнатилган тўловларни ундирмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасига спорт турлари бўйича чет эллик тренер, спортчи ва бошқа мутахассисларни жалб этишга рухсатномалар, шунингдек, мазкур чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилиши (узайтирилиши)ни белгиланган тартибда таъминласин.

30. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳудудий футбол ассоциацияларининг раҳбарлари этиб белгилансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:

ҳудудий футбол ассоциациялари, шунингдек, футбол мактаблари инфратузилмаси ва моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уларни замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

турли ёш тоифасидаги ҳудудий терма жамоалар ўқув-машғулот марказларини Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFA) талабларига мувофиқ барпо этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг қўшимча маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан маблағ ажратилишини таъминласин;

ҳар бир туман (шаҳар)да камида биттадан эркаклар, аёллар футболи ва мини-футбол бўйича футбол жамоалари ташкил этилиши ва уларнинг  мусобақаларда мунтазам иштирокини таъминласин.

31. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.Кўчимов), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев) Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид мақолалар, брифинглар, тематик телекўрсатувлар ташкил этсин.

32. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

33. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И.Икрамов ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раиси А.А. Азизов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси О.Қ. Абдурахмонов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси 

        Президенти                                                                                                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 

2023 йил 7 апрель