Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Ўзининг серқирра фаолияти ҳамда беқиёс илмий-маърифий мероси билан исломий тафаккур ва маданиятни равнақ топтириш, муқаддас динимизнинг улуғ инсоний ғояларини халқимизга етказиш, машҳур уламоларимизнинг бебаҳо асарларини чуқур тадқиқ этиш, турли мамлакат ва ўлкаларда кенг тарғиб қилиш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, халқаро миқёсда динлараро мулоқотни йўлга қўйиш, миллат ва элатлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва аҳилликни мустаҳкамлаш, жамият ҳаётида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қўшган улкан ҳиссаси, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги алоҳида хизматлари учун Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотлансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев