Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, спорт майдончалари тозалигини сақлаш ва атрофини ободонлаштириш бўйича ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 ноябрдаги “Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5282-сон ҳамда 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–201-сон қарорларига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 апрелдаги ПҚ–201-сон қарори билан тасдиқланган Маҳаллаларда ёшлар ўртасида оммавий спортни янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг 5-бандида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги ғолиб ва совриндор бўлган ҳамда ҳудудида спорт инфратузилмаси мавжуд бўлмаган маҳалла терма жамоалари учун универсал, стритбол ва воркаут спорт майдончаларини (кейинги ўринларда – спорт майдончалари) қуриш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ғолиб ва совриндор бўлган ҳамда ҳудудида спорт инфратузилмаси мавжуд бўлмаган маҳалла терма жамоалари учун 5 000 та спорт майдончаларини 2030 йилга қадар ташкил қилишнинг умумий параметрлари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш.Кудбиев) 2024 йилдан бошлаб ҳар йили спорт майдончаларини ташкил қилиш учун қўшимча талаб этиладиган маблағларнинг Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.

3. Белгилансинки:

а) спорт майдончаларини қуриш “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спорт мусобақаларининг республика босқичида ғолиб ва совриндор бўлган ҳамда ҳудудида спорт инфратузилмаси мавжуд бўлмаган маҳаллаларда (кейинги ўринларда – спорт инфратузилмаси мавжуд бўлмаган маҳаллалар) амалга оширилади;

б) спорт инфратузилмаси мавжуд бўлмаган маҳаллаларда спорт майдончаларини қуриш ишларини амалга ошириш доирасида:

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти – буюртмачи;

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти 13-сон Жазони ижро этиш муассасаси – бош пудратчи ҳисобланади.

Бунда, ушбу бандда назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш билан боғлиқ харажатлар Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳар йили:

1 январга қадар спорт инфратузилмаси мавжуд бўлмаган маҳаллалар рўйхатини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига спорт майдончаларини қуриш мақсадида тегишли ер участкасини белгиланган тартибда ажратиш учун тақдим этади;

1 мартга қадар спорт майдончалари қурилиши лозим бўлган спорт инфратузилмаси мавжуд бўлмаган маҳаллаларнинг манзилли рўйхатини тасдиқлайди ва буюртмачига юборади;

1 апрелга қадар спорт майдончаларининг қурилишини молиялаштириш бўйича буюртмачи билан шартнома тузади ҳамда уни Ғазначилик хизмати қўмитасида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказади.

Бунда, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан буюртмачига буюртма қилинган спорт майдончалари қийматига тенг маблағ тўлиқ ўтказиб берилади. Буюртмачи томонидан тизимидаги ташкилотларга ишлаб чиқариладиган инвентарлар учун 100 фоиз маблағлар олдиндан тўлаб берилади;

б) буюртмачи ҳар йили:

1 мартга қадар спорт майдончаларининг намунавий лойиҳасини Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан келишади, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқади ҳамда уларнинг тегишли экспертизадан ўтказилишини таъминлайди;

1 апрелга қадар Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан тақдим этилган рўйхат асосида молиялаштириш ҳажмларини кўрсатган ҳолда манзилли дастурни ишлаб чиқади ва вазирлик билан келишилган ҳолда уни тасдиқлайди;

15 апрелга қадар бош пудратчи билан пудрат шартномасини тузади ҳамда спорт майдончаларини қуриш ишларини амалга оширади;

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда қуриб битказилган спорт майдончаларининг маҳаллаларда қуриб битказилган спорт майдончаларини қабул қилиш бўйича ҳудудий қабул қилиш комиссияларига (кейинги ўринларда – ҳудудий қабул комиссиялари) белгиланган тартибда топширилишини таъминлайди;

в) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:

ушбу банднинг “а” кичик банди иккинчи хатбошисига мувофиқ спорт майдончаларини қуриш учун бир ой муддатда белгиланган тартибда ер участкалари ажратилишини таъминлайди;

қурилган спорт майдончалари тегишли ҳудудий қабул комиссиялари томонидан белгиланган тартибда қабул қилиб олиниши ҳамда улардан самарали фойдаланилишини назорат қилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 ноябрдаги “Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5282-сон қарори билан:

2021–2025 йилларда ҳудудларда бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турлари учун 1 164 та спорт майдончаларини ташкил этиш параметрлари тасдиқланганлиги;

ушбу параметрлар доирасида 2023 йилда жами 255 та спорт майдончалари қурилиши назарда тутилганлиги;

2021 йилдан бошлаб Давлат бюджетидан мазкур қарор билан тасдиқланган дастур ва параметрлар тўлиқ бажарилгунга қадар ҳар йили 104 миллиард сўмдан маблағлар ажратилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

6. Белгилансинки, 2023 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 ноябрдаги “Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5282-сон қарори доирасида:

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан заруратга кўра ҳудудида спорт майдончалари барпо этиладиган маҳаллалар рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига тақдим этилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари бир ой муддатда рўйхатдаги маҳаллаларда спорт майдончаларини барпо этиш учун белгиланган тартибда тегишли ер участкаларини ажратиш бўйича қарорлар қабул қилади ва бу ҳақда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигини хабардор қилади;

буюртмачи ташкилот томонидан тасдиқланган манзилли дастурга асосан икки ҳафта муддатда барпо этиладиган спорт майдончаларининг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилади ҳамда молиялаштириш учун Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига тақдим этилади;

спорт майдончаларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш
ва экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар бош пудратчининг бошқа харажатлари ҳисобидан қопланади;

буюртмачи ва бош пудратчи ўртасида спорт майдончаларини қуриш бўйича тузилган шартномалар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан ўн иш куни ичида кўриб чиқилади ва тегишли хулоса тақдим этилади;

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги молиялаштируви асосида 2023 йил ва ундан кейинги йилларда олис ва чекка ҳудудларда жойлашган маҳаллалар ҳамда умумий ўрта таълим муассасалари ҳудудида қурилган спорт майдончалари улар жойлашган ҳудудига қараб тегишлилиги бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимига ўтказилади ва сақланади. Бунда, спорт майдончалари бошқа давлат ташкилотларига ҳам оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилиши мумкин;

спорт майдончаларининг жойлашув ҳудудидан қатъи назар (таълим ташкилотлари ҳудудида дарсдан ташқари вақтларда), барча фуқаролар учун фойдаланиш бепул бўлади ва вақти чегараланмайди;

спорт майдончаларидан самарали ва мақсадли фойдаланилишини ташкил этиш маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ва профилактика инспекторлари томонидан амалга оширилади;

маҳаллаларда барпо этилган спорт майдончалари тозалигини сақлаш, атрофини ободонлаштириш ишларини бажариш учун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан битта штат бирлиги ажратилади;

спорт майдончаларидан самарали фойдаланиш, уларнинг яроқлилигини таъминлаш ва жорий таъмирлаш балансда сақловчи томонидан амалга оширилади.

7. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:

маҳаллалардаги умумий ўрта таълим мактабларига тегишли ҳудудларда спорт майдончалари қурилишини инобатга олсин ва тегишли чоралар кўрсин;

умумий ўрта таълим мактаблари ҳудудида қурилган спорт майдончаларидан ўқувчилар, шунингдек, дарсдан ташқари ва ўқув жараёнига халақит бермайдиган вақтларда маҳалла аҳолисининг бепул фойдаланиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратсин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳудудий қабул комиссиялари томонидан спорт майдончалари қабул қилинган кундан бошлаб бир ой муддатда ушбу объектлар бўйича давлат кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаб борсин.

9. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда барпо этилаётган спорт майдончаларининг атрофида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида соф экологик муҳит яратиш мақсадида мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш ҳамда объект атрофини кўкаламзорлаштириш чораларини кўрсин.

10. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ушбу қарорда назарда тутилган спорт майдончаларини қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини белгиланган тартибда экспертизадан ўтказсин ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.

11. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ҳудудларда барпо этилган спорт майдончалари ҳамда уларда ташкил этилаётган оммавий спорт мусобақаларини оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб бориш тавсия этилсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И. Икрамов ҳамда ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси К.К.Куранбаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

               Президенти                                                                                                                                          Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2023 йил 28 июль