Тошкент шаҳрида 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида Стратегик шериклик мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Томонлар делегацияларига Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Дональд Лу раҳбарлик қилди.

Дастлаб Абдулазиз Комилов ва Дональд Лу иштирокида кечган тор доирадаги музокарада икки томонлама ҳамкорлик, шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Томонлар ўзаро ҳурмат ва бир-бири манфаатини ҳисобга олиш тамойилига асосланган конструктив мулоқотни фаоллаштириш зарурлигини якдил маъқулладилар.

АҚШ томони янги Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватланишини маълум қилди.

Қўшма штатлар вакили Ўзбекистоннинг Афғонистон халқига кўмаклашиш ва турли соҳалардаги лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатига юқори баҳо берди.

– Икки давлат учун ҳам самарали бўлган янги форматдаги ҳамкорликни йўлга қўйиш жараёнида иштирок этиш мен учун катта шараф, – деди жаноб Лу. – АҚШ ҳукумати Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинлигини ҳимоя қилиш, демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни фаол қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қиламан. Ишонаман, бошланган стратегик шериклик мулоқоти ўзаро алоқалар янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Мамлакатимиз вазирлик, идоралари раҳбарлари ва АҚШ делегацияси аъзолари қатнашган кенгайтирилган йиғилиш давомида сиёсат ва дипломатия, иқтисодиёт ва тараққиёт, хавфсизлик, инсон ўлчови, маданий-гуманитар ва бошқа йўналишлардаги икки томонлама ҳамда минтақавий ҳамкорлик, шунингдек, халқаро ташкилотлар, молия институтлари доирасидаги муносабат юзасидан батафсил фикр алмашилди.

– Бугунги учрашув тарихий аҳамиятга эга, чунки бу АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги илк стратегик шериклик мулоқоти. – деди Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дениэль Розенблюм. – Йиғилишда иқтисодиёт, хавфсизлик, икки давлат ўртасидаги савдо сармоясини ошириш, инсоний ўлчов, яъни инсон ҳуқуқи сингари икки давлат учун ҳам манфаатли масалалар муҳокама қилиняпти.

Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган жадал ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда АҚШ томони қандай ёрдам бериши мумкинлиги ҳам муҳим. Умуман, мулоқот жараёнида барча долзарб масалалар бўйича самарали таклиф-мулоҳазалар кутилади, муҳокамалар олиб борилади.

АҚШнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги доимий ва қатъий позицияси яна бир бор тасдиқланди.

Томонлар «С5+1» механизми доирасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш, ушбу форматни юқори самарадор даражага олиб чиқиш лозимлигини қайд этдилар.

Делегациялар терроризм ва экстремизм таҳдидига қарши курашиш, Афғонистонда тинчлик жараёнини илгари суриш, мамлакатни можародан кейинги тиклаш ва афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатни давом эттиришга келишиб олдилар.

Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигини аниқ йўналишлар бўйича институционаллаштириш, шунингдек, Инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ҳамда Икки томонлама солиққа тортишдан қочиш тўғрисида Битимлар тузиш бўйича музокара жараёнини бошлаш таклифи билдирилди.

– Бугун икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан жуда конструктив фикр алмашилди. Ўтказилган музокаралар ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳамкорлигимиз стратегик аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлади, – деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

– Дунёдаги оғир эпидемиологик вазиятга қарамай, ушбу учрашувни ўтказиш тўғрисида қарорга келиниши томонларнинг мунтазам ва яқин мулоқотни давом эттиришдан манфаатдорлигини англатади. Бугунги учрашув натижаси, ўйлайманки, ҳамкорликнинг юқори даражасини сақлаш ва алоқалар ривожланиш суръатини янада оширишдан ҳар икки мамлакат делегациялари манфаатдорлигини намоён этди.

Тадбир якунида Стратегик шериклик мулоқотининг биринчи йиғилиши якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилинди.

 

Ғ. ХОННАЗАРОВ, ЎзА