Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган Маданий мерос ҳафталиги доирасидаги тадбирлар ғоят кўтаринки руҳда ўтмоқда.

Унинг доирасида хорижлик меҳмонларнинг катта гуруҳи Қорақалпоғистондаги бир қатор қўҳна қалъаларга саёҳат қилдилар.

Ерлари осмонларга туташиб кетган Оролбўйи ҳудуди қадимий қалъаларга жуда бой. Аксариятининг тарихи эрамиздан аввалги даврга бориб тақалувчи ушбу объектлар қадимдан бу мўътабар масканларда давлатчилик мавжуд бўлгани,  чорвадорлик, деҳқончилик, турфа ҳунармандчилик гуллаб-яшнаганидан дарак беради.

…Афсонаю асотирларга бой Катта Гулдурсун қалъаси. Бу қалъа милоддан аввалги IV-III асрларда барпо етилган. Гулдурсун Қорақалпоғистоннинг  Беруний шаҳридан шарқ томон 20 километр  ва Тўрткўл шаҳридан шимолий-шарқ томон 26 километр масофада жойлашган. Гулдурсун қадимий, бўшлиқ қалъа ўрнига қурилган Хоразмнинг катта қалъа-чегараларидан биридир, деб келтирилади айрим тарихий манбаларда.

…Тупроққалъа – қадимий  шаҳарқалъа харобаси саналади. Сир-синоатлар, тарихнинг яширин саҳифаларига бой бўлган ушбу қалъа мутахассислар фикрича,  милоддан аввалги  3-4-асрлардаги хоразмшоҳлар қароргоҳидир.

Ҳа, тўкилиб, емирилиш арафасидаги бу ўйдим-чўйдим қалъалар ҳашамдан, зебу зарданхҳоли экани рост. Лекин уларнинг бари жонажон заминимиз қўҳна цивилизацияларга макон эканидан жимгина  сўзлайди.

– Маданий ҳафталик давомида бу азиз юртда кўрганларим мени жуда ҳайратга солди, – деди польшалик тадқиқотчи-журналист Игорь Строцкий. – Емирилиш ҳолатига келиб қолган бўлса-да, бу қалъаларнинг ўз сеҳру  салобати бор. Уларнинг барчаси юртингизнинг нечоғли қадимий тарихи, ўз тараққиёт  босқичлари бўлганидан дарак беради. Буларнинг барчаси юртингиз чиндан ҳам қадимий маданиятларга, давлатчиликка бешик бўлган диёр эканини англатади.

Дарҳақиқат, буларнинг бари бизнинг бебаҳо меросимиз. Уларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ҳимоялаш  бурчимиздир.

 

  Назокат Усмонова, ЎзА