Кеча хорижий ва маҳаллий ижтимоий сайтларда Россиянинг «Локомотив» клубига ўтган ҳамюртимиз Жасур Жалолиддинов клубни тарк этганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Ростдан ҳам хабарлар расмий мақомга эга эди. Клуб матбуот хизматининг ёзишича, икки томоннинг розилигига кўра шартнома бекор қилинган.

Ҳамюртимизнинг Россия томон юриши унинг фойдасига ишладими ёки зиёнига, деган савол туғилади. Фойдасига дейдиганлар ҳарқалай Европага юриш қилгани, манаман деган юлдузлар билан бир сафда туришини назарда тутиши бор гап, лекин айни ўйин амалиёти даврида расмий ўйинларсиз, захирада қолиб кетганичи? Охир-оқибат, клубни тарк этганичи?

Жасурнинг агенти Юрий Белоусов ҳамон «отдан тушса ҳам, эгардан тушмаяпти». У мижози ҳақида сўз юритар экан, «Локомотив»дан кетишни клуб учун ҳам, футболчи учун ҳам фойдали қарор бўлганлигини, ташаббус футболчининг ўзидан чиққанлигини таъкидлаяпти. Гўёки, Жасур учун учун мана шу давр тажриба вазифасини бажарган, Миранчук каби номдор футболчилар билан бир майдонда машғулот ўтказгани афсона ҳисобланади. Яна, вақти келиб Жасурнинг «Локомотив»га қайтишини, нималарга қодир эканлигини исботлашига урғу беради.

Хўш, ёш, моҳир ярим ҳимоячи Жалолиддиновнинг кейинги фаолияти қаерда, қайси жамоада давом этади? Балки яна айнан Белоусов айтаётганидек, Европа, яқин шарқ ва Испания чемпионати 2-дивизионидан қизиқиш билдирилаётган клубларда кўриниш бериб қолар? Ким билади, балким яна ўз юртига қайтиб қолар? Буни вақт кўрсатади.

Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА