Пандемия сабаб кредит тўловлари кечиктирилиши мумкин, лекин фоиз ҳисоблаб борилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Марказий банк ахборот хизмати раҳбари Акмал Назаров журналистларнинг долзарб саволларига жавоб берди.

САВОЛ: Янги тартиб асосида ипотека кредити ва субсидия олиш тартиби қандай? Агар кредитни тўлаш имкони бўлмаса, субсидия қайтариб тўланадими?ЖАВОБ: Имтиёзли ипотека кредити учун 14 банк – Миллий банк, Туронбанк, Халқ банки, Қишлоқ қурилиш банк, Асака банк, Алоқабанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Ипак йўли банк, Ипотека-банк, Микрокредитбанк, Агробанк, Ҳамкорбанк, Капиталбанк, Ориент финанс банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган барча филиалларига Давлат хизматлари агентлиги ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Белгиланган муддатларда ипотека кредити тўловларини сурункали равишда тўламаслик оқибатида бекор қилинган ипотека кредити шартномалари бўйича ундириладиган маблағлар, талабгорга ажратилган субсидия суммаси гаровга қўйилган уй-жойнинг сотилган қийматидан тегишли тартибда туман (шаҳар) ғазначилик бўлимларига кредит ажратган банк томонидан тўлиқ миқдорда қайтарилади.

Кредит тўловлари вақтида тўлаб борилганда эса, субсидия маблағлари қайтариб тўланмайди. Бу кам таъминланган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар учун қайтармаслик тамойили асосида бериладиган маблағдир.

САВОЛ: Кредит таътили билан боғлиқ имтиёз кимларга берилмоқда?

ЖАВОБ: Кредит тўловларини кечиктириш бўйича амалга оширилаётган чоралар коронавирус пандемияси натижасида молиявий қийинчиликка учраган ҳам жисмоний шахслар, ҳам тадбиркорлик субъектлари учун мўлжалланган.

Коронавирус пандемияси натижасида тадбиркорлик субъектларида кредитларни қайтариш билан боғлиқ салбий оқибатларни юмшатиш мақсадида 2020 йилнинг 1 октябрига қадар барча кредит ташкилотларига молиявий қийинчиликларга учраган тадбиркорлик субъектларининг кредитлари бўйича асосий қарз тўловларини ҳамда пул оқимлари фоиз тўловларини қоплаш учун етмаган тақдирда фоиз тўловларини кечиктириш, муддати ўтган қарздорликлар кечиктирилишида жарима санкцияларини қўлламаслик ҳамда ундирувни кредит таъминотига қаратмаслик бўйича Марказий банк томонидан тегишли тавсиялар берилди.

Бироқ бу тўлов муддати узайтирилган даврда фоизлар ҳисобланмайди дегани эмас. Кредит бўйича тўлов муддатлари кечиктирилган даврда ҳам кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этади ва кредит бўйича якуний тўловлар муддатлари узайтирилганлигини ҳисобга олган ҳолда, кейинги даврларда томонлар келишувига асосан бўлиб-бўлиб тўланади.

САВОЛ: Карантинда банк картаси орқали уйдан туриб онлайн тарзда микроқарз олиш имкони борми?

ЖАВОБ: Онлайн тарзда кредит олишга эҳтиёж пайдо бўлган тақдирда, мижозлар тегишли банклар мобил иловалари орқали онлайн микроқарзлар ва кредит карталари каби банк хизматларидан фойдаланиши мумкин. Бунинг учун фақат жисмоний шахслардан кредитни қайтариш имконини берувчи доимий иш ҳақига эга бўлиши талаб этилади.

Ҳозирда ушбу хизмат турлари деярли барча тижорат банклари томонидан тақдим этилмоқда ва уларнинг шартлари билан банкларнинг расмий веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда мобил иловалари орқали ахборот олиш мумкин.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА