Тўй – халқимизнинг эзгу анъаналарини ўзида мужассам этган қадим қадрият. Кексалар учун орзу-ҳавас бекати, ёшлар учун янги ҳаёт, янги олам остонаси. Афсуски, кейинги пайтларда ўзини кўз-кўз қилиш мақсадида дабдаба билан тўй қилиш ҳолатлари пайдо бўлмоқда-ки, бу халқимизга хос гўзал қадриятларга мутлақо ётдир.
Халқимизда ўзингга ярашмаган ишни қилма, деган ибора бор. Албатта, ўзига ярашмаган ишни қилган одам уятга, маломатга қолади. Айни пайтда тўйларимизда урфга айланиб улгурган “оммавий маданият” кўринишидаги икки ёш ҳақида “фильм”, келин-куёвнинг вальсга тушиши, гул отиш, яна аллақандай қилиқлар миллий қадриятларимизга ёт, ўзлигимизга ярашмайдиган бемаъни хатти-ҳаракатлар, холос. Биз қачондан бери никоҳсиз йигит-қизнинг учрашувларига, қўл ушлашиб сайру саёҳат қилишига йўл бера бошладик? “Съёмка” жараёнида видеокамера келин-куёвнинг хобхонасигача кириб бориши шармсизлик эмасми?!
…Тўйхонада чироқ бир ўчиб ёнди. Саҳнага кўз ташласам, оппоқ қўлқопли куёв келиннинг белидан қучганча рақс тушмоқда. Дастурхон атрофидаги ёши улуғ инсонларга разм соламан. Худди ўзларидан уялгандай хижолат чекиб ўтиришибди. Ёнимдаги кишига бу ҳолат ҳақида айтсам, хотиржам кулиб: «бу ҳам тараққиёт» деди. Тараққиёт қадриятларимизни оёқости қилиш эвазига бўладими?! Маиший-маданий турмушимизга ёт иллатларни киритиш тараққиётни белгилайдими?! Тўйдан олдинги “Севги ҳикояси”чи?! Бу видеотомошага киритилаётган “янгиликлар”ни кўриб бир кулгинг келса, бир йиғлагинг келади кишининг.
Келин-куёвнинг илк учрашув жараёни тасвири кўрсатилмоқда. Қиз кутубхонада қалин муқовали китобни мутолаа қилмоқчи. Китоб жавонлари орасидан бир йигит унга тикилиб тургани бирдан хаёлини бўлади келиннинг. Тўғри, учрашув китоб тарғиботи билан бошлангани яхши. Зеро, маънавий яқинликкина икки ёш қураётган оила пойдеворини мустаҳкамлайди. Аммо бўлажак келин ҳақиқатан ҳам китобхонми ёки умрида биринчи марта бадиий китоб ушламоқдами? Ҳақиқий китобхон бўлса, унинг дунёсида “оммавий маданият” иллатлари нима қилиб юрибди?!
Фарғона вилоятида ҳам бугунги кунда тўй ва бошқа маросимларни тартибли ва ихчам ўтказиш мақсадида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
– Ёшлар нимани хоҳласа, шуни қилишсин, уларни ўз ҳолига қўяйлик, дегувчилар адашадилар, – дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Марғилон шаҳар кенгаши бош мутахассиси Мухтасархон Набиева. – Фарзанд ота-она қадрини ҳаёт сўқмоқларидан сабр-тоқат билан ўтганда англайди. Кўз ўнгида чўкиб бораётган ота-онасига ғамхўрлик қилиш ўрнига уларнинг гарданига ортиқча чиқимлар юклаш одобданми? Биз шаҳримиздаги барча 54 маҳаллада шундай мазмунда суҳбатлар олиб бордик. Жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида бирорта маҳаллада эрта турмуш қуриш ҳолати ёки дабдабали «ЗАГС», тўй маросими кузатилмади. “Фотиҳа тўйи” ихчамлаштирилди. Шу куннинг ўзида зиёфатдан насиба деб бўлажак куёвга бериб юбориляпти. “Хат ёзди”, «Меҳмон чақирди”, “Ота кўрди”, тўйдан кейин қирқ кунгача зиёфат олиб бориш каби маросимларга чек қўйилди. Куни кеча Узумзор маҳалласининг Сойбўйи кўчасида истиқомат қилувчи Исматулло Бегматов хонадонига келин тушди. Тўйдан аввал хонадон бошлиғи келин-куёв учун мебель жиҳозларини ўзи сотиб олди. Қайнона бўлмиш уй пардаларигача тиктириб, гиламларни ҳам тўшаб қўйди. Тўй жуда файзли, ҳамма ҳавас қиладиган даражада ўтди, уй эгаси ҳақига дуолар қилинди. Ҳозир Бобур номидаги, «Гўраввал», «Оролбўйи», «Узумзор» маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хонадонларда ҳам шундай хайрли ишлар амалга оширилаяпти. Тўйдан аввалги ва кейинги харажатлар борасида қудалар ўзаро келишиб олмоқда.
Тошлоқ тумани ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши ҳамкорлигида тўйларни бир кунда ўтказиш, ортиқча маросимларга барҳам бериш, умуман, уларни ихчамлаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди. Ҳозир барча тўйлар ушбу тавсиялар асосида ўтказилмоқда.
– Ҳозир ҳам «дабдабали тўй қиламан, тўйга фалончи санъаткорни олиб келаман», деб ният қиладиган оилалар бор, – дейди Тошлоқ тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Комила Кавлонова. –Лекин элга кирсанг элингча, деган гап бежиз айтилмаган. Президентимиз Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузасида тўйларимиз ҳақида жуда долзарб муаммоларни тилга олди. Давлатимиз раҳбарининг тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки бутун ҳаётига жиддий таъсир кўрсатаётгани ҳақидаги фикрларидан тегишли хулоса чиқарилди, ишчи гуруҳ аъзолари бу борада ўз тавсиялари билан маҳаллаларда тушунтириш ишлари олиб бормоқда.
Туманнинг Қипчоқариқ маҳалласида Ҳурматилло Турғуновлар оиласида тўй бўлди. Тўйдан аввал икки ёш гувоҳлар билан келишиб, ФҲДЁдан ўтишди. Маросим ихчам, камчиқим ўтди. Ҳаммага маъқул тушди. Ахир, бахтга дабдаба билан эришилмайди-ку!
Албатта, жойларда бу йўналишда салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Бироқ, бу гоҳида етарли эмасдек. Баъзан кундалик ҳаётда тўй ва бошқа маросимлар билан боғлиқ нохуш воқеалар ҳақида ҳам эшитиб қоламиз. Унинг келиб чиқишини таҳлил қилсангиз, ортиқча дабдаю манманликка йўл қўйилганига гувоҳ бўласиз. Аммо тўй шахсий ва оилавий масала бўлиш билан бирга, ижтимоий аҳамиятга ҳам молик тадбирдир. Шундай экан, у билан боғлиқ маросимлар қадриятларимизга мос, турмушимизга хос тарзда нишонланиши зарур.