Тошкентда яшил иқтисодиёт бўйича Европа ва МДҲ давлатлари вазирлари минтақавий конференцияси иш бошлади.
Экологик жиҳатдан тоза иқтисодиётга эришиш бўйича мазкур конференция учта асосий йўналиш – яшил иқтисодиётни таъминлаш учун меъёрий-ҳуқуқий база ва сиёсатни такомиллаштириш, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги шериклик муносабатлари орқали инновацион яшил инвестицияларни рағбатлантириш, иқтисодиётга экологик тоза технологияларни тўлиқ жорий этиш каби мақсадларга қаратилган.
Форум яшил иқтисодиётни таъминловчи, минтақа мамлакатларида БМТнинг 2030 йилгача барқарор ривожланиш кун тартибини амалга ошириш талабларига жавоб берадиган қарорларни илгари суради.
Яшил иқтисодиёт бўйича Европа ва МДҲ давлатлари вазирлари даражасидаги 2019 йилги минтақавий конференция Ўзбекистон ҳукумати, Бутунжаҳон яшил иқтисодиёт ташкилоти томонидан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда ҳукуматлар масъул ходимлари, халқаро ташкилотлар, жамғармалар, хусусий сектор, шунингдек, барча қитъалардан фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуманнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров МДҲ ҳудудида илк бор ташкил этилган мазкур конференция Ўзбекистоннинг сиёсий йўли, Бутунжаҳон яшил иқтисодиёт ташкилоти ўз олдига қўйган мақсадларга тўла мос келишини таъкидлади. Ўзбекистон жиддий экологик муаммолар йиғилиб қолган минтақада жойлашгани боис, ушбу йўналишда амалга оширилаётган лойиҳалардан бевосита манфаатдорлиги қайд этилди.
Бутунжаҳон яшил иқтисодиёт ташкилоти директори Абдул Раҳим Султон Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётни жорий қилиш бўйича ташаббуслари халқаро ташкилотлар томонидан маъқулланаётганини таъкидлади. Бу заминда экологик таҳдидлар жуда долзарб ва шунинг учун ҳам томонлар давлат ва хусусий сектор вакиллари ҳамда халқаро ҳамжамият ўртасида яшил иқтисодиёт мақсадларини амалга ошириш бўйича узвий ҳамкорлик ўрнатишни кўзламоқда.
Анжуманда мамлакатимизнинг Бутунжаҳон яшил иқтисодиёт ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар ҳаракатига қўшилиш йўлидаги фаол амалий ҳаракатлари эътироф этилди. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида экологияни яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, инновацион технологияларни ривожлантириш, тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш ва бошқа яшил иқтисодиётга ўтишга оид долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Яшил иқтисодиёт бўйича Европа ва МДҲ давлатлари вазирлари даражасидаги 2019 йилги минтақавий конференция яшил иқтисодиёт бўйича ҳар йили ўтказиладиган Бутунжаҳон саммитининг мантиқий давомидир. Анжуман минтақанинг муаммоли масалалардан хабардорлик даражасини маълумотлар ва тақдимотлар, жумладан, Жануб-Жануб ҳамда уч томонлама ҳамкорлик ёрдамида ошириш, Европа ва МДҲ мамлакатлари томонидан ишлаб чиқилган ва синовдан ўтказилган, яшил иқтисодиёт соҳасидаги аниқ маълумотлар ва қарорларга асосланган муваффақиятли таъсир воситаларини ўзлаштиришга йўналтирилди.
Конференция доирасида яшил технологияларни жорий этиш, барқарор ривожланиш бўйича кун тартибини молиялаштириш, “яшил ҳаракат” бўйича миллий истиқболни ривожлантириш, “Яшил иқтисодиётга қуёшли инвестицион ўтиш” сингари мавзуларда шўъба мажлислари ўтказилади. Анжуман якунида Бутунжаҳон яшил иқтисодиёт ташкилоти мутахассислари иштирокида “яшил иқтисодиёт”га ўтиш кўламини кенгайтириш бўйича тренинг машғулотлари ташкил этилади.
Ғ.ХОННАЗАРОВ, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ олган суратлар, ЎзА