Бишкек, 13 июнь. ЎзА махсус мухбири Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ хабар қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун 13 июнь куни Бишкек шаҳрига келди.
«Манас» халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Қирғизистон Бош вазири Муҳаммедкалий Абилгазиев кутиб олди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков билан учрашди.
Давлатимиз раҳбари Қирғизистон Президентини ШҲТдаги муваффақиятли раислиги билан табриклади.
Президентлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.
Ўзаро савдо ҳажми ортмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация йўлга қўйилмоқда, маданий-гуманитар алмашув кенгаймоқда.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликка доир ва минтақавий аҳамиятга эга масалалар кўриб чиқилди.
Шавкат Мирзиёев Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан музокара ўтказди.
Давлатимиз раҳбари турли даражадаги икки томонлама мулоқотлар фаоллашгани, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва гуманитар алмашувлар кенгайиб бораётганини таъкидлади.
Учрашувда Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш ва ушбу мамлакатни Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик жараёнларига жалб этишга қаратилган дастур ва лойиҳаларни рўёбга чиқаришнинг амалий масалалари кўриб чиқилди.
Ашраф Ғани Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги фаол саъй-ҳаракатлари учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари ДиКарло хоним билан ҳам учрашди.
Музокарада Ўзбекистон билан БМТ институтлари ўртасидаги Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишга қаратилган кўп қиррали шериклик истиқболлари кўриб чиқилди.
Марказий Осиёда хавфсизлик ва тараққиётни таъминлашнинг долзарб масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Орол фожиаси оқибатларини, жумладан, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди доирасида бартараф этиш бўйича фаол саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Розмари ДиКарло самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
БМТнинг юқори мартабали вакили Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайтариш бўйича миссия муваффақиятли амалга оширилганини алоҳида қайд этди.
Учрашув якунида устувор лойиҳа ва дастурларни биргаликда илгари суриш орқали ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасидаги интилиш қатъий экани таъкидланди.
Шу куни Қирғизистон давлат филармониясида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг Бишкек саммити иштирокчилари учун концерт дастури намойиш қилинди.
Саммитнинг асосий тадбирлари 14 июнь куни бўлиб ўтади.
ЎзА