Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни Ўзбекистон – АҚШ сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги даврасида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элис Уэллсни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган икки томонлама муносабатлар изчил ривожланаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил май ойида Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берган тарихий воқеа бўлгани қайд этилди.
Турли даражаларда фаол мулоқот олиб борилмоқда, томонлар учун манфаатли йўналишлар бўйича кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.
Шу маънода, долзарб масалалар ва икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилиш учун сиёсий маслаҳатлашувлар механизмидан янада самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
АҚШнинг етакчи компания ва банклари билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий-технологик ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтган йили октябрь ойида АҚШ савдо вазири У.Росснинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида илк бор ташкил этилган Америка бизнеси ҳафталигини ўтказиш амалиётини давом эттириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашувда Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш, ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликка фаол жалб қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Элис Уэллс Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп ва Давлат котиби Майкл Помпеонинг саломини етказди.
Америкалик дипломат Ўзбекистон пойтахтида сиёсий маслаҳатлашувларнинг еттинчи давраси муваффақиятли ўтказилганидан мамнунлигини билдирди.
Меҳмон Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва давлат бошқарувини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолади.
АҚШнинг мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш борасидаги интилиши қатъий экани таъкидланди.
ЎзА