Малайзияда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми элчиси иш бошлади

Президентимиз ташаббуси билан чет мамлакатларда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми элчиси лавозими жорий этилган эди. Бу лавозимга чет эллик машҳур сиёсий, маданий, спорт ва ишбилармон доиралари вакиллари тайинланади. Ана шундай мезонлар асосида ҳозиргача турли мамлакатларда бир қанча туризм элчиси фаолият юритмоқда.
Бухоро шаҳрида ўтказилган I Халқаро зиёрат туризми форумида уларнинг сони яна биттага кўпайди. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбари вазифасини бажарувчи Абдулазиз Оққулов Малайзиянинг Перлис штати муфтийси Мохд Асри Бин Зайнул Абидинни Ўзбекистоннинг Малайзиядаги зиёрат туризми элчиси дипломи билан тақдирлади.
IMG_20190224_152559_184.jpg
– Мен аввал ҳам диний уламолардан иборат делегация билан келиб, юртингизни диққатга сазовор жойларини зиёрат қилган эдим, – дейди Мохд Асри Бин Зайнул Абидин. – Ҳаттоки, Тошкент шаҳрида жойлашган Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юртида бўлиб, диний таълим тизими, дарс жараёнлари, талабаларнинг яшаш шароитлари, ўқув режасига киритилган фанлар билан яқиндан танишган эдим. Самарқандга бориб, Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш давомида Имом Бухорий ҳаёти ва фаолияти билан танишдим. Регистон майдони, Шоҳи Зинда, Гўри Амир, Ҳазрати Хизр мажмуалари ҳақида билиб олган эдим. Бухорода ҳам бўлиб, эшитган ва кўрганларим ҳақида ўз юртимда бир қатор чиқишлар қилдим.
Зиёрат туризмига ҳам бир гуруҳ юртдошларимни олиб келдим. Албатта, ислом маданиятида жуда муҳим ўрин тутувчи Ўзбекистон ҳақида ўз мамлакатимда тарғибот ишларини олиб бораётганимдан хурсандман. Икки давлат ва халқларни бир-бирига яқинлаштириш имконидан бахтиёрман. Нафақат Малайзияда, балки араб ва инглиз тилларини мукаммал билганим учун мазкур тилда сўзлашувчи аҳоли ва давлатларда ҳам юртингизнинг туризм борасидаги имкониятлари ҳақида тарғибот ишларини олиб бормоқчиман.
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги зиёрат туризми элчиси малайзиялик сайёҳларнинг зиёрат туризми йўналишида Ўзбекистонга мунтазам ташрифини ташкил этади.

 

Сайёра Шоева, ЎзА