Хитойликлардан янгилик: букилувчан билакузук-смартфон

Маълумки, Samsung ва Huawei компаниялари бу йил букилувчан смартфонлар ишлаб чиқаришни асосий мақсад қилиб қўйган. Бошқа компаниялар ҳам бундай лойиҳадан ортда қолмоқчи эмас. 
Philips компаниясининг вориси, Palm ва BlackBerry қурилмалари ишлаб чиқарувчиси Хитойнинг TCL бренди букилувчан смартфон вариантини тайёрламоқда. Бренд томонидан беш қурилмага патент олинган бўлиб, уларнинг тўрттаси дизайнида ҳеч бир янгилик йўқ. Лекин бешинчи қурилма дизайни мутлақо янги бўлиб, билак атрофида бемалол айлана олади. Худди киноларда кўрганимиз билакузук-смартфонни кутиб оламиз.
Янги қурилма моҳиятига кўра ақлли соатлар ва бошқа смартфонлар каби тақиб юрилувчи гаджетлар сирасига киради. Катта ва оғир гаджетни билакка тақиб юриш жуда қулай. Билакузук-смартфон букилувчан смартфон ғоясини ривожлантириш натижаси бўлиб кўриниш мумкин. Аслида ундай эмас.
Бундан уч йил аввал Lenovo букилувчан ва йиғилувчан моделларни, жумладан, билакузук-смартфон ғоясини тақдим этган эди. Ундан ҳам илгарироққа – 2010 йилга назар солсак, Nokia ўшандаёқ Morph номли шундай вариант устида ишлаган. Аммо натижа бўлмаганди.
Ҳар нарсанинг ўз вақти бор, деганларидек бу йил букилувчан смартфонлар ҳаётимизга кириб келиши аниқ.​​

 

ЎзА