Эзгу ташаббуслар ҳафталиги бошланди

Янги танишувлар, бизнес ғоялар, учрашув ва мулоқотлар майдони… Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида ўтаётган Глобал тадбиркорлик ҳафталиги айни жиҳатлари билан аҳамиятлидир.
Ҳафталик очилиш тадбирида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Кудбиев, ташқи савдо вазири Ж.Хўжаев, инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ижрочи директори Б.Баҳромбеков ва бошқалар юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, соҳага салоҳиятли ёшларни кенг жалб этиш, уларнинг изланиш ва илғор ғояларини фаол қўллаб-қувватлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Маълумотларга кўра, Глобал тадбиркорлик ҳафталиги дунёнинг 160 давлатида ўтказилиб, маҳаллий тадбиркорлик экотизимини яратишда, уни янада ривожлантиришга кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этади. Юртимизда иккинчи марта ўтказилаётган бу ҳафталикдан кўзланган асосий мақсад тажрибали бизнес вакиллари билан ёш тадбиркорлар ҳамкорлигини шакллантириш, уларни янги ғоялар сари илҳомлантириш, ёшларнинг бизнес юритиш маданиятини шакллантириш, жаҳондаги бизнесга оид илғор тажриба ва замонавий воситалар билан таништиришдан иборатдир. Айни пайтда мазкур ҳафталик юртимизда тадбиркорликни янада равнақ топтиришга оид таклифларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
– Ушбу ҳафталик Ўзбекистон иқтисодиёти, иштирокчиларнинг тадбиркорликка оид салоҳиятини намойиш этишда муҳим роль ўйнайди. Лойиҳа доирасида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга оид мулоқот ва машғулотлар, маҳорат дарсларининг ўтказилиши бунга имкон беради, – дейди Тадбиркорлар глобал тармоғи вице-президенти Буке Чухадар хоним.
– Ҳафталик давомида муваффақиятли бизнесга оид муҳим масалалар муҳокама қилиниши иштирокчиларнинг манфаатдорлигини таъминлайди, – деди грузиялик эксперт Георгий Цхакая. – Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар шиддати билан кўпчиликнинг диққатини ўзига жалб қилмоқда.
– Ўзбекистонга бешинчи марта келишим, – дейди Исроилнинг “A.R.S Security“ компанияси раҳбари Евгений Фузаилов. – Ҳар қандай хорижий тадбиркор ўз бизнесини чет мамлакатда бошлашидан аввал ўша юрт бозорини пухта ва мукаммал ўрганади. Компаниямиз ахборот технологияларига оид ҳимоя ва хавфсизликка йўналтирилган ишланмалар билан шуғулланади. Юртингизда ҳам мазкур йўналишга оид янги истиқболлар мавжуд. Шу боис Ўзбекистонга сармоя йўналтиришни режалаштирганмиз.
Глобал тадбиркорлик ҳафталиги юртимиз миллий тадбиркорлик экотизимини яратиш, чет эллик тадбиркорларни юртимиздаги мавжуд ишбилармонлик муҳити билан таништириш, хорижий инвестицияларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувоҳитов сўзга чиқди.

 

Н.Усмонова, ЎзА​​